Қашқадарёнинг Чироқчи туманида ҳуқуқбузардан 5,5 миллион сўм пора олмаган профилактика инспектори пул мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 июнь куни Чироқчи туман ИИБ ЖХХ HPБ профилактика инспектори катта лейтенант Нурбек Оқназаров туманнинг тоғли «Лангар» МФЙда хизмат олиб бораётганида Самарқанд вилоятига тегишли Niva автомашинасига дуч келган.
Автомашина тўхтатиб текширилганда ўзини Б.П. деб таништирган ҳайдовчи тегишли ҳужжатлари йўқлиги аниқланган. Шунингдек, машинада икки нафар вояга етмаган бола борлиги, улар қишлоқ ҳудудида ўсадиган «Каррак» ўсимлигини йиғиш учун ёллагани маълум бўлган.
Инспектор автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариш ва вояга етмаган шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари бўйича ҳужжатлар расмийлаштирган. Иш бундай чаппасига кетишини кутмаган ҳайдовчи ишни ўз фойдасига ҳал этиш эвазига пора таклиф қилган.
Инспектор унга бу иши жиноят эканини, агар ниятидан қайтмаса қонуний чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирса ҳам, фуқаро унамаган. Натижада профилактика инспектори бу ҳақда Чироқчи туман ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ, Чироқчи туман ИИБ ва прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.П. профилактика инспектори Нурбек Оқназаров хизмат хонасида 5,5 миллион сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Чироқчи туман прокуратураси томонидан фуқаро Б.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Пора олмаган инспектор эса пул мукофоти билан тақдирланган.
«Ўз хизмат вазифасига виждонан ва сидқидилдан ёндашиб, коррупцион ҳолатни олдини олгани ва фуқароларда ички ишлар органларига бўлган ишончни мустаҳкамлагани учун катта лейтенант Нурбек Оқназаров бошқарма раҳбарияти томонидан пул мукофоти билан тақдирланди», — дейилади хабарда.
Мукофот сифатида қанча пул берилганига аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)