Бундан буён мулкка бўлган ҳуқуқни уни вужудга келтирган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Бу ҳақда 30 август куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов маълум қилди.
Алишер Каримовнинг айтишича, агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
«Эндиликда ердан ихтиёрий воз кечиш мулкдорнинг нотариал тасдиқланадиган аризасига асосан амалга оширилади. Энди бунинг учун ҳоким қарорини қабул қилиш талаб этилмайди.Алишер Каримовнинг таъкидлашича, «Хабеас корпус» институти доирасида curиштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини судда кўриб чиқиш тартиби жорий этилди.Юридик шахс тугатилганда унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди ва ер давлат захирасига қайтариб олинмайди. Мазкур ерлар тугатилаётган юридик шахснинг муассисларига ўтади», — дейди адлия вазири ўринбосари.
«Хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ҳолатлар белгилаб берилди. Шу жумладан, эндиликда хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга мулкдорнинг рухсатисиз кириш учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланиши мумкин», — дея қўшимча қилади у.Қайд этилишича, эндиликда мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, турар жойга нисбатан мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди.
Изоҳ (0)