2022 йилнинг 31 августида Уэльс маликаси Диананинг вафотига чорак аср тўлади, у бахтсиз ҳодиса оқибатида атиги 36 ёшида ёруғ оламни тарк этганди.
Буюк қалбга эгаси малика Диананинг бевақт ўлими нафақат Британия қироллиги оиласи аъзолари, балки бутун дунё учун кутилмаган воқеа бўлди. 1997 йил 31 августда Парижда Диана ва миллиардернинг ўғли Доди Ал-Фаед иштирокида бахтсиз ҳодиса юз берган эди. Жуфтлик ўтирган машина ҳайдовчиси сураткашлардан қочиш мақсадида тезликни оширган ва бошқарувни йўқотиб, Алма кўприги яқинидаги туннел таянчига бориб урилган. Шаҳзода Чарльзнинг собиқ рафиқаси Диана ҳамда унинг дўсти Доди Ал-Фаед ҳам оғир тан жароҳати туфайли вафот этган.
Буюк Британия бош вазири Тони Блер Диананинг вафотини эълон қилганида бутун дунёда миллионлаб одамлар «халқ маликаси» учун мотам тутган. Унинг ўлими ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган.
Диана 1981 йилда Чарльз билан турмуш қуриш орқали машҳурликка эришганди, аммо эр-хотиннинг муносабатлари жуда ёмон эди. 1996 йилда улар расман ажрашди, бу Диананинг фожиали ўлимидан бир йил олдин содир бўлди.
Қироллик аъзолари Дианани эслаб ҳалигача қайғуга чўмади, айниқса унинг икки ўғли — 40 ёшли шаҳзода Уильям ва 37 ёшли Гарри онасининг ўлимидан кейинги қалб жароҳатлари йиллар давомида руҳий саломатлигига қандай таъсир қилгани ҳақида гапиради.
Диана вафот этган пайтда шаҳзода Уильям 15, Гарри эса 12 ёшда эди. Улар Лондон кўчалари бўйлаб онасининг тобути ортидан одамлар ёнида юриб, унинг дафн маросимида қатнашган.
Шаҳзода Чарльз собиқ хотинининг ўлимидан сўнг аста-секин одатий ҳаётга қайтди ва 2005 йилда Камилла билан турмуш қурди.
Изоҳ (0)