Сирдарё вилояти Ховос туманида 20 август куни уйга ўғриликка тушган шахс уни кўриб қолган қизни пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га маълум қилди.
Қайд этилишича, 20 август куни соат 04:00 ларда номаълум шахс Ховос тумани Минор кўчасидаги уйларнинг бирига яширинча кириб, уйнинг барча хоналаридан пул ва қимматбаҳо буюмларни излаш жараёнида ётоқхонада ётган 14 ёшли қизни юзини кўриб қолгани сабабли пичоқ билан қасддан ўлдирган.
Сўнг пулларни қидиришни давом эттириб, уйнинг бошқа хонасида намоз ўқиш учун тайёргарлик кўраётган 78 ёшли аёлга пичоқ билан таҳдид қилган ҳолда пуллар қаерда эканини талаб қилган. Бироқ аёлдан «пуллар йўқ» деган жавобни олгач, ҳодиса жойидан яширинган.
Ҳолат юзасидан Ховос тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноятни фош этиш борасида тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни 1997 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган, охирги маротаба 2018 йилда босқинчилик билан судланиб, ҳозирда манзил колонияда жазо ўтаётган шахс содир этгани аниқланган.
Жиноят иши доирасида гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)