Энергетика инқирози глобал иқтисодиётнинг асосий тармоқларига босимни оширмоқда. Саноат, металлар, шунингдек, пўлат, ўғит ва шакар ишлаб чиқарувчилари корхона харажатларини камайтиришга мажбур. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Бундан ташқари, электр автомобиль аккумулаторлари ва қуёш энергияси ишлаб чиқариш учун материаллар ишлаб чиқарувчилари қийинчиликларга дуч келмоқда.
Биринчидан, энергия инқирози саноат металларини ишлаб чиқаришга таъсир қилди. Европа ўтган йил давомида рух ва алюминий эритиш қувватининг ярмини йўқотди.
Жорий ҳафтада Норвегиянинг Norsk Hydro ASA пўлат ишлаб чиқарувчиси Словакиядаги алюминий заводини сентябрь ойи охирида электр энергияси нархининг ошиши сабабли ёпишини эълон қилган бўлса, глобал пўлат ишлаб чиқарувчи Нйрстар Голландиядаги Буделнинг йирик рух заводини тўхтатганини эълон қилди.
Энергия инқирози пўлат ишлаб чиқаришга ҳам таъсир қилди. Хитойнинг Сичуан провинциясида қурғоқчилик билан боғлиқ электр таъминотидаги узилиш маҳаллий пўлат заводларининг 70 фоиздан ортиғига таъсир кўрсатиб, ишлаб чиқаришни тўхтатди ёки чеклади.
Бундан ташқари, АҚШнинг камида иккита пўлат заводи энергия харажатларини камайтириш учун баъзи операцияларни тўхтата бошлади.
Хитойдаги энергия инқирози туфайли литий ва полисиликон каби материаллар ишлаб чиқариш камайди. Таҳлилчилар қисқа муддатда нархлар ошишини кутмоқда.
Глобал ўғит экспортчилари, жумладан Хитой, озиқ-овқат инқирози қўрқуви туфайли бошқа мамлакатларга етказиб беришни қисқартирмоқда.
Европада азотли ўғитлар ишлаб чиқариш қувватининг камида чорак қисми аллақачон йўқолган ва Халқаро ўғитлар ассоциацияси келгуси мавсумда глобал ўғит истеъмоли 2008 йилдаги инқироздан бери рекорд даражада пасайишини тахмин қилмоқда.
Агентлик иқтибос келтирган таҳлилчиларнинг фикрича, жаҳон бозорида озиқ-овқат нархи шакар нархининг ошиши туфайли ошади.
Изоҳ (0)