Самарқанд, Жиззах ва Андижон вилоятларида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ш.Ш. фуқаро Ш.га Қозоғистондаги университетнинг 1-курсини тамомлагани ҳақида ҳужжат тайёрлаб бериб, кейинчалик ушбу ҳужжат асосида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Ф.С. фуқаро З.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида 2000 доллар эвазига Жиззах давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйишга келишиб, олдиндан 5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Андижон вилояти бошқармаси томонидан ҳам ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Пахтаобод туманидаги Абу Али ибн Сино жамоат саломатлиги техникуми талабаси О.Д. фуқаро Г.нинг фарзандини танишлари ёрдамида ушбу техникумга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 700 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)