2022 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аёллар жами аҳолининг 49,7 фоизини ташкил қилади. Улар орасида 25 ёшдан ошган аёлларнинг атиги 13,2 фоизи олий маълумотга эга, деб ёзмоқда The Diplomat.
Умуман олганда, Ўзбекистонда аёлларнинг атиги 17,7 фоизи олий маълумотга эга, баъзи ҳудудларда бу рақам ундан ҳам паст.
Масалан, Қашқадарёда хотин-қизларнинг атиги 8 фоизи олий ўқув юртларини тамомлаган бўлса, Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 9,1 фоизга тенг.
Ўзбекистонда олий таълимнинг ўрни
Ўзбекистонда олий таълимнинг қадрланади — унга яхши ишга жойлашиш кафолати сифатида қаралади (гарчи юқори маошли иш бўлмаса ҳам).
Мамлакатдаги олий таълим муассасалари сони сўнгги олти йил ичида кескин ошди — 2016 йилдаги 77 тадан 2021 йилда 154 тага етди.
Бироқ бу ўсиш ҳали тўлиқ талабни қондирмади. 2015 йилда давлат олий таълим муассасаларига қабул коэффициенти 9,5 фоизни ташкил этган (605 836 нафар абитуриентдан атиги 57 800 нафари қабул қилинган).
Бу йил давлат давлат университетларида атиги 121 395 ўринга 1,2 миллиондан ортиқ абитуриент бор, бу эса қабул даражасининг 10 фоизини ташкил этади.
Бу 1996 йилдан бери кескин пасайиш — ўша пайтдаги абитуриентларнинг қарийб ярми (46,2 фоиз) университет дипломларини олиши мумкин эди.
Таълим соҳасидаги гендер тафовутлари
Гарчи олий таълим бутун Ўзбекистон жамиятида қадрланса-да, университет талабалари ўртасида жиддий гендер тафовут мавжуд.
2021—2022-ўқув йилида Ўзбекистон давлат олий ўқув юртларида 808,4 минг талаба таҳсил олмоқда, уларнинг 45,6 фоизини аёллар ташкил этади (439,4 минг нафар йигитлар, 369 минг нафар қизлар).
2019 йилда бакалавр даражасини олган 65,4 минг нафар битирувчининг атиги 38,3 фоизини аёллар ташкил этган.
Гендер тафовути баъзи соҳаларда яққол намоён бўлади — фан, муҳандислик, ишлаб чиқариш ва қурилиш йўналишларида асосан йигитлар таҳсил олади. 2020 йилда ушбу йўналишлар битирувчиларининг атиги 30,1 фоизини аёллар ташкил этган.
Агар бу соҳаларга мослаштирилган олийгоҳларга назар ташланса гендер тафовути яққол намоён бўлади.
Масалан, Тошкент давлат транспорт университетида талабаларнинг 92 фоизини йигитлар ташкил этса, Тошкент давлат техника университетида эса бу кўрсаткич 89 фоизга тенг.
Бу тенденция нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, Бухоро муҳандислик-технология институтида 83 фоиз йигитлар, 17 фоиз қизлар таҳсил олади.
Шу билан бирга, тил ва ўқитувчилик йўналишида қизлар кўпроқ — Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида талабаларнинг 84 фоизи, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида эса 74 фоизи аёллардир.
Ҳудудларда ҳам шундай вазият, масалан, Самарқанд давлат чет тиллар институтида талабаларнинг 71 фоизини қизлар ташкил қилади.
Қизларнинг стереотиптик тарзда «аёл» мутахассисликларини танлаши
Ўтган йили олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба қизларнинг деярли ярми (260 минг нафардан 126,3 минг нафари) ўқитувчилик йўналишида таҳсил олди.
Қизларнинг STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) йўналишларни ўрнига стереотип «аёл» мутахассисликларини танлаши жамият босими билан боғлиқ.
Аёлларнинг турмуш қургандан сўнг уй-рўзғори ва болаларига ғамхўрлик қилиши кутилади, бу эса уларга тўлиқ вақтли иш билан шуғулланишига тўсқинлик қилади деган стереотип бор. Ўқитувчилик касби эса уй-рўзғорга кўпроқ мослашувчан ҳисобланади.
Ўзбекистонда ёлғиз аёллар ўртасида бандлик даражаси (52 фоиз) турмушга чиққан аёлларга (36 фоиз) нисбатан юқорироқдир.
2020 йилда ўтказилган сўровномада ишсиз аёлларнинг 43 фоизи уй ишлари билан бандлиги сабабли иш изламаётганини билдирган, эркакларнинг атиги 7 фоизи эса худди шу сабабни келтирган.
STEM мутахассислиги, айниқса эрта турмушга чиққан ёш қизлар учун мураккаб ҳисобланади. 2021 йилда рўйхатга олинган никоҳларнинг учдан бирида келин 20 ёшдан кичик бўлган.
Аёллар турмуш қургандан кейин бир ёки икки йил ичида фарзанд дунёга келтириши кутилади. Шунга қарамай, давлат университетлари болалар боғчалари ёки қариялар хоналари билан жиҳозланмаган.
Ўзбекистон таълим соҳасида гендер номутаносиблигини таълим соҳасида ҳам кузатиш мумкин. 2021—2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларидаги ўқитувчиларнинг 68 фоизи (343 961) аёллар, 32 фоизи (158 726) эркак ўқитувчилардир.
Шу билан бирга, даромади ва ижтимоий мавқеи юқори бўлган университетларда 2020 йил ҳолатига кўра, аёллар ўқитувчи ва профессорларнинг атиги 44,1 фоизини ташкил қилган.
Баъзи ҳудудларда бу рақам ундан ҳам паст. Масалан, Сирдарёда университет ўқитувчиларининг атиги 29 фоизини аёллар ташкил этади, Жиззахда бу 30 фоиз.
Ўзбекистонда баъзи аёлларнинг оиладаги зўравонликка тоқат қилиб яшаши
Олий маълумотга эга бўлмаслик аёлларнинг молиявий аҳволига таъсир қилади, бу эса уларни бошқа қийинчиликлар қаторида маиший зўравонликка кўпроқ мойил қилади.
2021 йилда ўтказилган сўровномада респондентларнинг 42 фоизи молиявий сабабларга кўра уйдаги зўравонликка тоқат қилишини маълум қилган. Улар ажрашган тақдирда ўзини ва болаларини таъминлай олмасликдан қўрқади.
Уларнинг шундай ўйлашига асос бор: 2022 йил ҳолатига кўра, қонуний равишда алимент тўлаши керак бўлган 290 минг эркакдан 172 минг нафари суд қарорларига қарамай, тўловларни амалга оширмайди.
Яратилаётган имкониятлар
Ўзбекистонда гендер тафовутини бартараф этиш ва талаба қизларни кўпроқ жалб этиш чоралари кўрилди.
Масалан, 2021 йилда кам таъминланган оилалардаги 2 минг нафар қизга бакалавриатда ўқиш учун давлат маблағлари ажратилди.
2022 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев 2022—2026 йилларда хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинганини маълум қилди.
Дастур қизларга етти йилгача университет тўловлари учун фоизсиз кредитлар беришни, шунингдек, фақат аёллар учун янги университетлар ва техник мактабларни ташкил этишни назарда тутади.
Бундан ташқари, эндиликда Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларида хотин-қизлар учун магистратура йўналишлари бепул. Шу мақсадда ҳукумат ҳар йили камида 200 млрд сўм ажратади.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳар йили 60 нафар қиз ва аёлнинг хорижда олий маълумот олиши учун маблағ ажратади — бакалавриат бўйича 50 нафар, магистратура бўйича эса 10 нафар.
Нега баъзи ўзбек оилаларида қизлардан кўра кўпроқ йигитлар таълимига эътибор қаратилади?
Юқоридаги чора-тадбирларнинг барчаси олий маълумотли аёлларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ўзбекистонда ўрта таълим бепул ва мажбурий бўлса-да, олий таълим ихтиёрий ва деярли бутунлай пуллик.
Тўловларни асосан ота-оналар амалга оширади ва кенг тарқалган патриархал қадриятлар туфайли ота-оналар ўғилларининг олий таълимидаги моддий юкни муаммосиз ўз зиммаларига олади, лекин қизлари учун бу нарсани камдан-кам қилади.
Урф-одатларга кўра, кенжа ўғил ота-онаси билан қолади ва қариганда уларга ғамхўрлик қилади, қизлар эса кўпинча молиявий жиҳатдан ҳам, шараф нуқтаи назаридан ҳам "юк" сифатида кўрилади.
Мажбурий таълим — бу кўплаб ота-оналар (айниқса, вилоятларда) учун ўз қизларини имкон қадар эрта турмушга беришга тўсқинлик қиладиган чорадир. Биргина 2021 йилнинг ўзида 20 ёшгача бўлган 93 мингдан ортиқ қиз турмушга чиққан.
Ҳукуматнинг аёлларни олий маълумот олиш учун рағбатлантириши айни вақтдаги тўғри қадамдир.
Ҳозиргача мамлакатда олий таълим муассасалари сонини кўпайтириш ўз самарасини бермоқда. Университетлар сони ошгани сайин, ўқимишли аёлларнинг фоизи ортиб бормоқда.
2016 йилда бутун мамлакат бўйлаб аёлларнинг атиги 5,6 фоизи олий маълумотга эга эди, ҳозир бу кўрсаткич 17,7 фоизни ташкил этади.
Келгуси йилларда уларнинг сони кескин ўсиши кутилмоқда, бу эса гендер тафовутни янада қисқартиришга ёрдам беради.
Аммо ўқимишли аёллар турмуш қурганидан кейин меҳнат бозорига кирадими ёки йўқми, аниқ эмас.
Изоҳ (0)