Беларуснинг Гомел шаҳрида суд мамлакатда ҳибсда сақланаётган, Беларуснинг Бельсат нашри билан ҳамкорлик қилган Польша ТВП журналисти Ирина Слауниковани беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда PAP нашри хабар берди.
Журналист аёл «экстремистик тузилма яратиш»да айбланган. Унинг устидан ёпиқ суд жараёни бир ойдан ортиқ давом этган.
Польша бош вазири Матеуш Моравецкий журналистга ўқилган ҳукмни қоралади ва Ташқи ишлар вазирлигининг кескин муносабатини ваъда қилди.
«Матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги ва тўсиқларсиз фикр билдириш ҳуқуқи демократиянинг асосий тамойилларидир. Лукашенко режимининг журналист Ирина Слауниковага нисбатан ҳукми — 5 йиллик қамоқ мутлақ шармандалик, барча цивилизация меъёрларини, инсоний ва журналистлар ҳуқуқларини бузишдир», — деди Моравецкий.
Беларуснинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази Вясна маълумотларига кўра, ҳозирда Беларусда камида 1253 нафар маҳкум сиёсий маҳбус ҳисобланади.
Изоҳ (0)