«Барселона» телевизион ҳуқуқларининг яна бир қисмини Sixth Street инвестиция компаниясига ўтказмоқда. Бу ҳақида каталонияликлар расмий сайти маълум қилди.
«Кўк-анорранглилар» Sixth Street компаниясига Ла Лига ўйинлари телеҳуқуқининг 15 фоизини 25 йилга берган. Хабарга кўра, ушбу келишув натижасида «Барселона» 320—330 дан 400 миллион еврогача даромад қилади. Аввалроқ каталонияликлар Ла Лига ўйинларига телеҳуқуқининг 10 фоизини 207,5 миллион еврога сотганди.
Клубнинг молиявий аҳволини мустаҳкамлашга қаратилган иккинчи иқтисодий дастакнинг фаоллашиши натижасида «Барселона» тахминан 550 миллион еврони ташкил этадиган қарздан қутулади.
Бироқ янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун клуб учинчи дастакни ҳам фаоллаштириши лозим бўлади. Бу «Barcа Studios»нинг (клуб учун ижодий маҳсулотлар яратувчи компания) 49% ҳуқуқларини сотиш бўлади.
Sixth Street «Сан-Антонио» баскетбол жамоасининг 20% улушига эгалик қилади, шунингдек, «Реал Мадрид»га 360 миллион доллар сармоя киритган. Мадрид клуби стадиондан тушган даромаднинг 30 фоизини компания ҳисобига ўтказади.
Изоҳ (0)