Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими вазирлиги тизимида ўқувчи-ёшларни келажак касбларига тайёрлаш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Норма» хабар берди.
Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун келажак касбларига йўналтирувчи тўгараклар фаолиятини ташкил этиш;
- ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларидан унумли ва мақсадли фойдаланиш, уларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, замонавий фанларни чуқур ўргатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- ўқувчи-ёшларда мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш, ахборот маконидаги турли таҳдидларга нисбатан соғлом иммунитетни ҳосил қилиш;
- ўқувчи-ёшларнинг мустақил ташаббус ва шахсий ғояларини илгари суриш, ҳаётий позицияга эга бўлишини таъминлашга йўналтирилган маҳорат дарсларини ҳамда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш.
Марказни молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
- давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари;
- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларни касбга ва олий таълимга тайёрловчи янги фан йўналишлари жорий этилган.
Изоҳ (0)