Лондон Киевга ҳудудларни бегоналаштириш учун босим ўтказилишига йўл қўймайди ва Москва билан музокараларда Украина позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади, дея таъкидлади Британия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Лиз Трасс.
Ғарб давлатлари Украинани Россия билан музокараларда қўллаб-қувватлаши, Киев позициясини мустаҳкамлаши керак. Бу ҳақда Лиз Трусс Британия парламентининг Жамоалар палатасида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
«Биз ҳеч қачон Украинага ўз ҳудудидан воз кечиш учун босим ўтказилишига йўл қўймаймиз, биз бунга ҳеч қачон рози бўлмаганмиз. G7 («Катта еттилик») ва НАТО орқали биз Украинанинг позициясини мустаҳкамлаш учун барча нарсани қиляпмиз (музокаралар столида). Шунингдек, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Польшадаги дўстларимиз ҳам бу жараёнда иштирок этишига ишонч ҳосил қилишимиз керак», — дейди Трасс.
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳали «жиддий музокаралар» кайфиятида эканини «кўрсатмади».
«Украина ғалаба қозониши мумкин ва бу шарт» — дея хулоса қилади британиялик вазир. У Лондон можаро қанча давом этишидан қатъий назар, Киев олдидаги мажбуриятларидан четга чиқмаслигига ваъда берди.
Трасс таъкидлашича, Россия томони бу можарода нафақат мағлуб бўлиши, балки ундан ҳеч қандай фойда кўрмаслиги, шунингдек Москва жаҳон саҳнасида яккаланиб қолиши керак.
Изоҳ (0)