Жанубий Кореянинг «Калмар ўйини» сериали расман иккинчи мавсумга эга бўлади. Netflix стриминг сервиси «Жой жойига» изоҳи остида қисқа тизерни тақдим этди, деб хабар беради «Фильм.ru».
Лойиҳа яратувчиси Хван Дон Хёк ҳам сериалнинг барча мухлисларига мактуб йўллаган. «‘Калмар ўйиниънинг биринчи мавсумини тасвирга олиш учун 12 йил керак бўлди. Netflix’даги энг оммалашган шоу бўлиши учун эса 12 кун кифоя қилди… Бизнинг шоумизни яхши кўриб томоша қилаётганингиз учун раҳмат. Ки-Хун қайтади. Фронтмен қайтади. 2-мавсумга яқин қолди… Шунингдек, Чи-Ённинг йигити Чхол Су билан танишасиз. Янги раундга қўшилинг», — деб ёзган у.
Сериалнинг 2-мавсуми Netflix’да 2024 йилдан олдин пайдо бўлмайди. Ҳозирча аниқ санаси маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, «Калмар ўйини» сериали 2021 йилнинг сентябрь ойида намойиш этилди. Сюжет қуйидагича: 456 нафар молиявий муаммога дуч келганлар кўп миллионли соврин ютиб олиш умидида сирли ўйинда иштирок этади. Аммо болалар ўйинига ўхшаб кўринган синовлар ҳалокатли бўлиб чиқади: ҳар куни энг кучсиз ўйинчилар ташкилотчилар томонидан аёвсиз тарзда ўлдирилади. Ушбу драма бир зумда томошабинлар ва танқидчиларнинг минглаб ҳайратланарли изоҳларига сабаб бўлган ва Netflix’да энг кўп томоша қилинган сериал сифатида «Брижертонлар» рекордини янгилаганди.
Изоҳ (0)