Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлди, деб хабар беради ФВБ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 9 июнь куни соат 03:50 да Самарқанд вилояти Оқдарё тумани «Лойиш» МФЙ Амир Темур шоҳкўчасида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.
Ёнғинга соат 03:56 да етиб борилиб, соат 04:45 да қуршаб олинган ва ёнғин соат 05:37 да бартараф этилган. Ёнғинни бартараф этишга 7 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳамда ёрдамчи («КамАЗ») жалб этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида мебель, хўжалик моллари ва озиқ-овқат дўконларининг тахминан 200 квадрат метр майдонида шифт, том ва жиҳозлари ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 8 июнь куни Самарқанд вилояти Оқдарё тумани «Мустақиллик» маҳалласида жойлашган «Қанғли» қабристонида ёнғин юз берганди. Ундан олдинроқ эса Нарпай туманида бозорда юзага келган ёнғинда 16 дан ортиқ дўкон зарарлангани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)