Россия Марказий банки бир ойдан кўпроқ вақт ичида учинчи марта фоиз ставкасини пасайтиришини эълон қилди. Bloomberg нашри Россияда асосий ставка пасайишини таҳлил қилди.
Регулятор қарз олиш харажатлари яна ҳам тушиши мумкинлигини айтди. Бу эса Украинага бостириб киришдан кейин молиявий ҳимояни йўқотиб, рубль курсини ўсишдан тўхтатди.
Россия Марказий банки бугун, 26 май куни асосий ставкани 14 фоиздан 11 фоизга туширди. Асосий ставка пасайиши эълон қилинганидан кейин рубль кескин тушиб кетди.
Апрель ойидан бери асосий ставканинг тўққиз фоизлик пасайишидан сўнг, Марказий банк губернатори Элвира Набиуллина келгуси йиғилишларда ставкаларни янада пасайтириш имконияти кўриб чиқилишини айтди.
Баёнотда сиёсатчилар валюта курси инфляциянинг секинлашишига ҳисса қўшганини таъкидлади, бироқ рублнинг пасайиши ҳақида айтмаган.
Келгуси чораклар осон бўлмайди. Иқтисодиёт мослашар экан, бу компаниялар ва фуқаролар учун қийин бўлади, — дейди Набиуллина.Сўнгги кунларда рубль бутун дунёда кескин кўтарилиши ортидан дунёдаги энг мустаҳкам валютага айланган эди. Инфляциянинг кутилганидан тезроқ секинлашиши ортидан асосий ставка пасайтирилди ва бу рублнинг кескин кўтарилиши йўлида тўсқинлик қилди.
Россияга нисбатан жорий этилган кенг қамровли санкцияларга қарамай, экспорт ва капитал назоратининг кучайиши валютага бўлган талабни пасайтирди ва рубль курсини 2018 йилдан бери энг юқори даражага кўтарди.
Асосий ставка пасайиши тўғрисидаги қарор қабул қилингандан кейин рубль долларга нисбатан 7,7 фоизгача заифлашди. Бу бир ой ичида кунлик энг катта пасайишдир.
Аввалроқ Россияда ўтган йилнинг августидан бери илк бор нархлар тушиб, дефляция юз бергани ҳақида хабар берилганди.
Охирги марта дефляция 2021 йилнинг 10—16 август кунларида қайд этилган. Кейин бу мева ва сабзавотлар нархининг пасайиши билан боғлиқ кўпинча содир бўладиган ҳодиса эди.
Изоҳ (0)