Ҳаракатлар стратегиясида бажарилмаган маълум бир бандлар тараққиёт стратегиясига ўтказилган. Бу ҳақда Тараққиёт стратегияси маркази томонидан ўтказилган тадбирда марказ ижрочи директори Элдор Туляков «Дарё» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.
Унинг айтишича, маълум масалалар юзасидан давлат дастурлари қабул қилинаётганда прогнозлар, эҳтимоллар ўзгача бўлади, лекин тўсатдан турли ҳолатлар юзага келиши мумкин.
«Масалан, пандемия бўлганда ҳаракатлар стратегияси доирасидаги маълум масалалар бажарилмади. Хусусан, ҳокимларни сайлаш масаласига бир неча бор тўхталиб ўтилган, лекин у бажарилмади. Айнан шунинг учун ҳам бу қанчалик муҳимлигини инобатга олиб туриб тараққиёт стратегиясида мазкур масалани бажариш бўйича мақсад қилинган. Аввало, бу бўйича қонунчиликни яратиш, сўнг уни амалиётга жорий қилиш бўйича, яъни давлат қўйган мақсади — эртага эсидан чиқиб кетиб ёки четга суриб қўйиш эмас», — дейди Элдор Туляков.
Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директорининг таъкидлашича, Ҳаракатлар стратегиясида маълум бир сабабларга кўра бажарилмаган айрим бандлар тараққиёт стратегиясига асослантирилган ҳолда ўтказилган ва уларнинг ижроси назоратга олинган.
«Яна бир масала, тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш масаласи қўйилганди. Ушбу масала ҳам долзарб аҳамият касб этади. Тадбиркорликка оид қонунларимиз ҳозир тарқоқ аҳволда экани ва бу тадбиркорларга ноқулайлик туғдираётгани, шунинг учун ҳам бу муҳимлиги инобатга олиниб янги стратегияга кўчирилган», — дейди Туляков.
Изоҳ (0)