Шимолий Кореянинг Корея марказий ахборот агентлиги мамлакатда иситмаси кўтарилган 6 кишининг вафот этгани, улардан бирида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, биргина 12 май куни 18,000 кишида иситма аломатлари аниқланганидан кейин 187 800 га яқин одам изоляцияга олинди. Тахминан 162 200 киши муолажа олган, аммо улардан қанчасининг COVID-тести мусбат бўлгани номаълум.
Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш органлари тест ва даволаш тизимини ташкил этиш ҳамда дезинфекция ишларини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бутун мамлакат бўйлаб карантин жорий этишни буюрди.
Reuters агентлигининг таъкидлашича, вируснинг тез тарқалиши тиббий ресурсларга эга бўлмаган ва халқаро вакцина ёрдамидан воз кечган, чегаралари ёпиқ ушбу мамлакатда катта инқироз келтириб чиқариши мумкин. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, эпидемия яккаланиб қолган мамлакатда озиқ-овқат билан боғлиқ оғир вазиятни ҳам янада кучайтириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз КХДРдаги COVID-19 га чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат ҳақида 12 май куни маълум бўлди. 8 май куни Пхеньяндаги беморлардан тест олинган, натижалар омикрон штамми билан касалланиш ҳолатини кўрсатган.
Шундан сўнг республика ҳукумати «максимал фавқулодда вазият» учун вирусни назорат қилиш тизими жорий этилишини эълон қилди. Кейин Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Сиёсий бюро йиғилишини ўтказиб, вирус тарқалишининг олдини олиш учун барча чораларни кўришга ва чегара назоратини кучайтиришга чақирди.Жанубий Корея президенти маъмурияти Шимолий Корея ҳукуматига COVID-19 га қарши курашда гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)