Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пул эвазига фуқароларнинг ўқишини кўчириб бермоқчи бўлган шахслар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Ф.П. исмли шахс фуқаро Г.М.дан таниши С.М.ни Қирғизистондан Тошкент тиббиёт академиясига ўқишини кўчириб бериш эвазига 8 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департаментнинг Юнусобод тумани бўлими ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Ш.С. бошқа бир фуқаро А.га танишлари орқали Қирғизистон халқаро университетининг 3-курсини тугатгани ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, Ўзбекистон олий таълим муассасаларидан бирига кўчиртириб беришни 7 минг долларга келишгани аниқланган. У келишилган пулдан 3,5 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент вилоятининг Паркент туманида ўтказилган тезкор тадбирда Е.И. исмли шахс фуқаро Б.нинг ўқишини Қозоғистондан Ўзбекистондаги университетга кўчириб бериш эвазига 1 000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда фуқаронинг Қирғизистондаги ўқишини кўчириб бериш учун 1,4 минг доллар олган шахс ушлангани, Бухорода фуқаронинг Тожикистондаги ўқишини кўчириб бериш учун 2 минг доллар олган аёл қўлга тушгани, Сурхондарёда фуқаронинг Тожикистондаги ўқишини 1,5 минг доллар эвазига кўчириб беришни ваъда қилган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)