Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида сохта авиачипталарни сотиш билан шуғулланган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан фуқароларнинг мурожаатларига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида Урганч шаҳридаги «П.Б.А.» хусусий корхонаси раҳбари М.Ш. ва норасмий ишчиси Х.Х. 34 нафар фуқаронинг номига сохта электрон авиачипталарни расмийлаштиргани аниқланган. Улар чипталарнинг ҳар бирини 3—3,5 миллион сўмдан жами 106,2 миллион сўм ва 200 долларга сотиб, пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижонда ўндан ортиқ фуқарога сохта «загранпаспорт» тайёрлаб берган собиқ ИИБ ходимига суд ҳукми ўқилгани, Наманганда сохта ҳужжатлар билан ўзганинг ўрнига имтиҳонга киришга уринган шахс аниқлангани, Наманганда тегишли рухсатномасиз Умрага юбориш учун 66 нафар фуқародан 162 минг доллар олган ташкилот фош этилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)