Украина Бош прокуратураси жиноятда гумонланувчилар рўйхатини эълон қилди ва Россия Хавфсизлик Кенгашининг бир қатор аъзоларини сўроқ қилиш учун уларга чақирув қоғози юборди. Бу ҳақда бошқарма сайтида хабар берилди.
16, 17 ва 18 май кунларига сўроққа чақирилган шахслар орасида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, Давлат думаси спикери Вячеслав Володин, Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко ҳам бор.
Бундан ташқари Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников, Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин, ички ишлар вазири Владимир Колоколсев, Миллий гвардия раҳбари Виктор Золотов ва Россия президентининг Марказий федерал округдаги ваколатли вакили Игорь Шеголевга ҳам чақирув қоғози берилган.
Украина Бош прокуратураси шунингдек, Россия Хавфсизлик кенгаши аъзоларини Украинанинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш иши бўйича гумонланувчи деб эълон қилди.
Россия президенти Владимир Путинга чақирув қоғози берилмаган.
Россиянинг Украинага бостириб киришидан сал олдин Россия Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Россия ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиши эълон қилинганди. Учрашув жонли эфирда намойиш этилган; Сўзга чиққан Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзолари бу қарорни қўллаб-қувватлаган.
Изоҳ (0)