Дунёнинг айрим мамлакатларида сальмонеллёз инфекциясига сабаб бўлаётган Kinder савдо белгиси остида Бельгияда ишлаб чиқарилган шоколад маҳсулотлари сотув расталаридан олиб ташланмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, Ўзбекистондаги касаллик билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, ҳозиргача дунёнинг 11 давлатида сальмонеллёз касаллигига чалиниш ҳолатлари кескин ошиб кетиши айни шу ширинликлар билан боғлиқ. Зарарланган шоколад маҳсулотлари камида 113 мамлакатга тарқатилгани айтилмоқда. Айни пайтга қадар сальмонеллёз билан боғлиқ 151 ҳолатдан 150 таси Европада рўйхатга олинган бўлса, қолган бири АҚШда кузатилган. Шу сабабли ана шу ва бошқа ҳудудларда Kinder Surprise, Kinder Mini Eggs, Kinder Surprise Maxi вa Kinder Schoko-Bons номли маҳсулотлар дўконлардан қайтариб олинмоқда.
Мутахассислар изоҳига кўра, сальмонеллёз инсоннинг ошқозон-ичак трактига зарар етказувчи бактериялардир. Ушбу инфекция кўп ҳолларда беморларда енгил аломатлар билан кечса, баъзи турлари одамларда ўткир касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Умумий симптомлар орасида диарея, иситма, қорин оғриғи ва кўнгил айниши кўп кузатилади. Касалликка аниқ ташхис қўйиш учун микробиологик ва бактериологик таҳлиллар зарур.
Таъкидланишича, ҳозиргача Ўзбекистонда шоколад орқали сальмонеллёз инфекциясини юқтириш ҳолатлари қайд этилгани йўқ. Шунга қарамай, эҳтиёт чоралари кучайтирилиб, мамлакатга кириб келаётган ва савдога чиқарилаётган барча ширинликлар қатори, Kinder савдо белгиси остидаги маҳсулотларнинг хавфсизлиги ҳам назоратдан ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда «Арнасой» ёзуви туширилган тез тиббий ёрдам автомашинаси ёнида бемор замбилдан беихтиёр ерга йиқитиб юборилгани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, ҳолат тез тиббий ёрдам бригадасига алоқадор эмаслигини маълум қилган.
Мавзуга доир:
- «Белгиланган меъёрларда кийиниш қатъий белгилаб қўйилган». ССВ тиббиёт муассасаларида ҳижобга рухсат берилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
- ССВ Тошкентда ҳамшираларнинг Қизил ярим ой жамиятига «ўз хоҳиши билан» пул ўтказаётгани айтилган хабарга муносабат билдирди
- ССВнинг сохта веб-сайти яратилди. Унда вакцина олган фуқароларга 750 минг сўм берилиши айтилади
Изоҳ (0)