Шарқ гавҳарига сафар
Сайёҳлар айнан Ичан қалъани кўриш учун дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюриб турганида, «Тошкентдан Хоразмгача 1100 километр»ни босиб ўтишга эринчоқлик қилиш ярамайди. Қачонгача ўзимиздаги тарихий ва туристик ерлар ҳақида хорижлик блогерларнинг таассуротлари орқали хулоса қилиб ўтирамиз, дея 18–20 апрель кунлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил қилинган пресс-тур доирасида бошқа тарихий объектлар билан бирга Ичан қалъани кезиш учун Хива томон йўл олдик.
Афсоналарда Марказий Осиёнинг жар қисмида жойлашгани учун сув манбалари жуда яқин бўлган Хивага бундан 5000 йил аввал Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли Сом асос солгани айтилади. Х асрда яшаган тарихчи Истаҳрий Хивага ўз даврининг энг йирик 30 та шаҳарларидан бири деб таъриф берган.
Қадимги Хива уч қисмдан ташкил топган. Ичан қалъа, яъни Хиванинг ички қисми шаҳарнинг ташқи қисми бўлган Дишан қалъадан кунгурадор девор билан қисман ажратилган.
Сал аввалроқ Туркия президенти Эрдўғон зиёрат қилиб кетган ушбу шаҳарга боришда вақтни тежашнинг энг мақбул йўли — самолёт. Имкониятдан келиб чиқиб поезд ёки машинадан ҳам фойдаланса бўлади. Тошкент аэропортидан 1,5 соатга етмай Урганчга бориб олиш, уёғига эса автобус орқали Хивагача бўлган масофани босиб ўтиш мумкин.
Атрофи ҳатто ичида ҳам меҳмонхоналар мавжуд экани сабаб ҳар ким ўз бюджетидан келиб чиқиб турли қулайликдаги вариантни танлаши ва қалъага пиёда 5–10 дақиқага қолмай етиб олиши мумкин.
Меҳмонхонамиз яқинлиги сабабли эртани кутишга бетоқатлик қилиб ўша кечанинг ўзида, тахминан, кечки соат ўнларда бир гуруҳ катта-кичик ҳамкасблар билан қалъа томон йўл олдик.
Қизиғи, орамиздагиларнинг аксариятини бу ерга, умуман, Хивага биринчи сафари эмаслигига қарамай, йўл чарчоғини чиқариш учун хонада қолиб дам олиш, ҳаво пойтахтдагига нисбатан салқинроқ эканини баҳона қилмай бараварига чиқишни афзал билди. Афтидан, ё ёдгорликнинг оҳанрабоси бор, ёки кўпчилик бўлиб кезишнинг завқи ўзгача.Оҳанрабоси бор ёдгорлик
Зотан, биз борган кечада ҳаммаёқ қоронғи эканига қарамай, эртаси куни Ичан қалъанинг тунги ҳуснини кўролдик. Чироқлар билан у зебигардон-у тиллақошлар билан безанган, шаҳар аҳли уйқуга кетса ҳам бунга унинг хайрихоҳлиги йўқ Хоразм ҳурилиқоси, ё бўлмаса қолганлар шуни афзал билсаю, уларга қаршилик қилишни ўзига эп кўрмай, тик ва уйғоқ қолишни маъқул биладиган мард Хива ўғлонига ўхшайди гўё.
Мажмуа бўйлаб янграйдиган мусиқа оҳанглари фонида кеч бўлса ҳам одамларнинг қушлардек чуғур-чуғур суҳбатлашиши орада қаҳ-қаҳ кулгиси қулоққа чалинади. Кун бўйи савдо қилиб чарчаган ҳунармандлар эса нарсаларини йиғиштириб кетишга отланган, айримлар бўлса қалъа ичидаги емакхонада ифторлик қилиб чиқарди.
Иккинчи кун тонги Ичан қалъага такрорий сафар билан бошланди. Узунлиги 2 200, баландлиги бўлса 10 метрни ташкил қиладиган маҳобатли қалъа гарчи оддий, безаклардан холи бўлса ҳам айнан у мисолида ‘‘оддийлик мураккабликнинг энг юксак даражаси’’ деган ибора беихтиёр ўз исботини топади.Бомдодда очилиб, хуфтон намози вақтида ёпилган дарвозалар
Марказий Осиёдаги сақланиб қолган ягона шаҳар-музей — Ичан қалъанинг бетакрорлиги ундаги ёдгорликларнинг бир эмас, бир неча даврга оидлигида. Унда нафақат Хонлик даври, балки Хоразмшоҳлар ҳукмронлигидан тортиб мўғуллар истилоси ва ундан кейинги, шунингдек, XVI—XVII асрларга оид объектларга дуч келиш мумкин.
Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашгани боис ансамблда 4 та дарвоза: Боғча дарвоза, Полвон дарвоза, Тошдарвоза ҳамда Ота дарвоза мавжуд. Тўртала томондан кириш имкониятини сайёҳ ва меҳмонлар учун қулайлик деб баҳолаш мумкин. Ота дарвозадан Полвон дарвозагача бўлган йўл XVIII—ХХ асрларда қурилган. Хиванинг 80 фоизга яқин тарихий ёдгорлиги жам бўлган мажмуа дарвозалари XIX асрда бомдод намози вақтида очилиб, хуфтон намози вақтида ёпилган.
Келган сайёҳларга маълумот беравериб қалъа тарихини сув қилиб ичиб юборган Тошҳовли сарой бўлим мудири Фаррух Жуманиёзовнинг айтишича, Ичан қалъанинг ичидаги барча дарвоза, эшик, устунлар Хоразмда ўсадиган гужум дарахтидан ясалган бўлиб, кўчаларни безаб турадиган ажойиб лавҳлар учун ҳам бугунги кунда усталар айнан ушбу дарахтдан фойдаланади. Шўр ерда ўсадиган анъанавий гужум дарахти шунчалик қаттиқ ва мустаҳкамлигидан темирга қиёсланади.
Дарвозага айлана шаклидаги нақш ўйилган бўлиб, улардан бирига Ихлос сураси иккинчисига эса Калимаи шаҳодат туширилган. Шунчалик моҳирлик билан ўйилганидан ёзувнинг боши билан охири бир-бирига туташган. Кираверишда саррофхоналар қурилган бўлиб, уни ҳозирги валюта айирбошлаш шохобчаларига қиёслаш мумкин.Кўриниши калта-ю тарихи узун минора
Ичан қалъада Жума масжиди, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Тошҳовли саройи, Исломхўжа минораси, Муҳаммад Аминхон минораси, Кўҳна Арк ва Тошҳовлидан бошқа яна бир қанча ўзига хос аҳамиятга эга иншоотлар бир қанча. Ота дарвозадан кирганда кўзга биринчи бўлиб халқ орасида калта минор номи билан машҳур бўлган Муҳаммад Аминхон мадрасасининг олдида жойлашган минора кўзга ташланади.
Гиднинг тушунтиришича, аслида минораларни қуришдан бир қанча мақсад кўзланган. Асосан сўфи азон айтиб намозга чақириши учун масжид ёнида бунёд этилган миноралар, шунингдек, маёқ вазифасини ҳам бажарган. Карвон адашмай топиб келиши учун минора устига кечқурунлари олов ёқиб қўйилган. Яна мудофаа борасида ҳам манфаатли бўлган. Тепасида турган соқчи келаётган ёвни кўргач бошқаларга сигнал берган.
Қолаверса, у орқали уни қурдирган инсоннинг исми абадийлаштирилган. Муҳаммад Аминхон ва Исломхўжа мадрасаларининг ёнида минора қад ростлаганининг сабаби ҳам шунда.
Яна бир ўзига хослиги Муҳаммад Аминхон минорасида Огаҳийга оид 16 мисралик тарихдан 12 тасини учратиш мумкин. Таъмир вақтида аслига келтирилган ёзувда минора жаннатда ўсадиган Тубо дарахтига қиёсланади, фалак айвонининг устуни яъни осмон гумбазини тутиб турувчи устун дейилади.
28 метр баландликдаги (гид 28 метр деб айтди, аммо айрим манбаларда 29 метр эканлиги ҳақида маълумотлар бор) Муҳаммад Аминхон минораси 51 метрлик Исломхўжа минорасидан зангори, мовий ранглар билан безатилгани орқали ҳам ажралиб туради. Яна қуёш тушганида ўзгармаслиги, ранглари ўчмаслиги билан ҳам диққатга сазовор.
Миноранинг айлана диаметридан унинг баландлигини билиш мумкин. Муҳаммад Аминхон минорасининг айлана диаметри 14, 5 метр, Исломхўжанинг диаметри эса 7 метр. Шундан келиб чиқиб хоннинг ўлими сабаб чала қолгани айтиладиган минора битганида ансамблдаги Исломхўжадан қанчалик баланд бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин.
Халқ орасида «Мадрасаси битиб минораси битмаган Муҳаммад Аминхон муродига етмаган», деган гап бор. Товланадиган, жилокор миноранинг тарихи билан боғлиқ бир неча афсоналар ҳам йўқ эмас. Эмишки, шаҳардаги энг улкан минора бунёд қилишни буюрган Хива хони Бухоро амирида ҳам шундай хоҳиш пайдо бўлганидан хабар топади. Хоннинг бундай миноранинг такрорланишига йўл қўймаслигини яхши билган бош уста, битганидан сўнг мени қатл қилишади, деган қўрқув билан ишни чала ташлаб қочиб кетади.Хоразм архитектурасидаги ўзига хослик, замонага хос «кондиционер»
Ансамблда турли асрларга оид объектлар бўлса улардан энг эскиси қайси деган саволга, Фаррух ака «Жума масжиди»да 1000 йиллик тарихга эга устунлар борлигини айтиш орқали жавоб берди. Унинг маълум қилишича, Х асрда йўли шу томонларга тушган араб сайёҳи Жума масжиди ҳақида ёзиб, унга чиройли, мўъжаз деб таъриф берган.
Бизгача етиб келган энг қадимий обида XIV асрга тегишли Саййид Аловуддин мақбараси ҳисобланади. Қолган иншоотлар XVII, XVIII ва XIX асрларга тегишли.
Хива меъморлари Ўрта Осиё архитектурасига хос услуб — иншоотларни рўпарама-рўпара қуришдан фойдаланган. Пишиқ ғиштдан қурилган мадрасалар архитектураси ўхшаш — симметрик, икки қават ва ҳовлили. Пештоқнинг икки тарафига анъанавий гулдаста-миноралар ишланган. Меъморчилиги ўхшагани билан ҳар бири алоҳида, ўзига хос.
Хоразм меъморчилигидан ўрганадиган жиҳатлар кўп. Зах тортмаслиги учун бинолар орасига қамиш қўйилгани (қамиш сувда ўсгани ҳисобига сувда чиримайди), Хоразм Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашгани учун иморат тиклашда асосан иссиқ ва совуқ инобатга олингани таҳсинга сазовор.
Хон қароргоҳи ҳисобланган Кўҳна Аркдаги арзхона бунга мисол бўла олади. Хон ёзнинг жазирамасида меҳмон ва элчиларни айвонда, қишда эса ичкарида қабул қилган.
Дастлаб шимолга қараган айвоннинг баланд ишлангани, қаршисидаги деворнинг эса паст эканлиги ажаблантирди. Кейин билсак, бу бежиз эмас экан. Таъкидланишича, тарс яъни қуёшга тескари қараган айвонга қишин-ёзин қуёш тушмас экан. Шимолдан келган совуқ шамол баланд деворга урилиб, яна қайта ҳаракатланиб чиқиб кетаётганда, ўша томондан келаётган бошқа бир шамолга қўшилиб шабада ҳосил қилар экан. Буни ўз замонасининг «кондиционер»ига қиёсласа бўлади.Ҳаммаси худди фильмлардагидек
«Исломхўжа», «Муҳташам юз йил» ва бошқа тарихий сериалларида ҳукмдор чиқиб кўриниш берадиган саҳналар бор. Ичан қалъада ҳам мана шундай сиёсий майдон бўлган. Хон унда чиқиб кўриниш берган, фармонлар ўқиб эшиттирилган, халққа ибрат бўлиши учун айрим жазо турлари ҳам айнан шу ерда намойишкорона қўлланилган.
2020 йил Хива ‘‘Турк дунёсининг маданий пойтахти» деб эълон қилинганида таъмирлаш ишлари олиб борилган ва ўша вақтда мазкур майдонда усти бетон билан ёпилган қудуққа ўхшаш чуқурлик топилган. Ундаги ғиштларнинг барида ромб кўринишидаги белги борлиги, яъни ҳар бир уста ўз муҳрини қўйгани аниқланган. Чуқур қудуқ ёки сардоба бўлган деб тахмин қилинган, аммо сув идиши топилгач бу ер зиндон бўлиши, маҳбуслар жазолангунига қадар шу ерга ташлаб турилган бўлиши мумкин деган эҳтимоллар ҳам айтилган.Ранглар симфонияси ва чўгирмалар
Ичан қалъани кўриш учун келганлар орасида француз, турк ҳамда инглиз миллатига мансуб сайёҳлар борлиги, яна архитектурага шайдо бўлишдан ташқари ҳунармандчилик намуналари — гиламлар, миллий либос ва айниқса чўгирмалар қизиқтираётганини пайқаш қийин эмас.
Хива гиламларининг тўқилиш жараёни худди ранглар симфониясидан яралаётган асарга ўхшайди.
Уни тикилиб томоша қилиш медитация сингари таъсир қилади одамга.
Расталарда чўгирмаларнинг турли ранг ва катта-кичикликдагисини кўриш, ҳатто сотиб олмаса ҳам кийиб суратга тушиб олиш мумкин. Савдогарлар бунга эътироз билдирмайди, гўё бу табиийдек оддий ҳол сифатида қабул қилади.
Чўгирма ўтмишда чанг ва совуқдан ҳимоя қилишдан ташқари, сафарга чиққан йўловчи учун йўлда ёстиқ вазифасини ҳам бажарган. Қолаверса, толаларининг узун-қисқалиги уни кийган одамнинг мавқейини ҳам билдирган. Шунинг учун бошидан чўгирма тушгунича жон узилиши афзал билинган. Қанчалик ғалати туюлмасин, қизиқ факт — турмуш юкини бўйнига олишга қанчалик тайёр эканини билиш учун бўйи етган қизлар чўгирма билан 7 марта уриб кўрилган. Зарбдан йиқилмаса кейин турмушга берилган.Шарқона шаҳарнинг экзотик образи
Туризм ва маданий мерос вазирлигининг маълум қилишича, Хоразмда 21 та музей бўладиган бўлса, ундан 19 таси айнан Ичан қалъада қолган иккитаси эса Дишан қалъада мужассам.
Ичан қалъа давлат музей қўриқхонасидаги буюмлар, ашёларнинг умумий сони 56 232 тани ташкил қилади. Уларни томоша қилган одам шунчалик қийматли меросни ўз кўзи билан кўраётганидан ҳайратланади. Лекин, афсуски, кимларнингдир нафси сабаб кўз кўрган ҳамма нарса ҳам асл бўлиб чиқавермайди.
Маданий мерос агентлигининг сал аввалроқ Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонасида олиб борган ишлари натижасида нақд 101 та музей ашёларининг сохта экани аниқлангани ҳақида берган хабари ушбу фикрга исботга бўла олади. Экспонатларнинг йўқолиши миллат учун йўқотиш, тарих ва маданий меросларга менсимасдан қараш эса жуда аянчли. Одам ваҳимага тушади — тарихга ҳам экспонатлар сингари ўзгартириш киритилмаган бўлсин-да, ишқилиб …
Хива туристик шаҳар, шу учун бўлса керак аксарият кишилар хонадонларни меҳмонхона, ресторан ва дўкон қилиб олган. Сайёҳлар учун Ичан қалъанинг ичидаги уйда истиқомат қилиш қулай ва ҳатто ўзига хос бўлиши мумкин, бироқ аҳолининг уйларини бўшатиб тижорат қилиши тарихий муҳитга таъсир қилиши, натижада кўримсиз, жонли ҳаётдан узилгандек муҳит кузатилиши мумкин.
1967 йилда музей қўриқхона ташкил қилинганда, аҳоли у ердан кўчириб ташланмоқчи бўлган-у, маълум қисми қолдирилган. 1990 йили Бутунжаҳон маданий мерос ёдгорликлари рўйхатига киритилган Ичан қалъадаги уйларни қайта қуриш мумкин, аммо УНЕСCЎнинг шартига биноан оҳаклаш, шифр қилмаслик керак.
Ичан қалъанинг майдони катталиги ҳисобига бу ерга биринчи марта келган одам уни 1 ёки 2 кунда айланиб чиқиб фақат кўрганларига таяниб хулоса чиқариши мумкин. Кўрмаган назардан қочган жиҳатлар бўлиши ёки аксинча аввалроқ келганидаги ҳолат билан солиштириб олдинги кўриниши билан боғлиқ фарқни дарҳол пайқаши мумкин.
Масалан, жамоа бўлиб айланганда Ота дарвозадан Полвон дарвозагача бўлган масофада хонадонларга кўзимиз тушмади. Лекин ҳамроҳлик қилиш вақтида бизга ўзи ҳам ичан қалъалик эканини таъкидлаган Тошҳовли сарой бўлим мудири Фаррух Жуманиёзов ҳудуддаги уйлар авлоддан авлодга ўтиб келаётгани, 400 га яқин хонадонда 3000 га яқин аҳоли истиқомат қилиши ҳақида маълумот берди.
Ичан қалъадан ташқари Хива ва Урганчдаги бошқа объектларга ҳам дастур асосида ташриф буюришимиз кераклиги, вақт эса тиғизлиги ҳисобига 26 гектар ҳудуддаги ҳамма-ҳаммасини кўришга жисмонан ҳамда маънан улгуриш имконсиз эди.
Шундан келиб чиқиб агар ҳамкасбим Мадина Нурман билан кечки тамадди учун қайта қалъа ичига бошқа, ён тарафидаги дарвозадан кириб қолмаганимизда биз ҳам бир эмас, кўп эмас — нақд 400 та хонадон бор экан-ку, лекин биз уларни кўрмадик, деб айтишимиз мумкин эди.
Лекин кичик саргузашт — сал кам адашишимиз ортидан кундузи кезиб улгурмаган, деворлари сувоқ қилинган, томларига шифр қўйилмаган хонадонларнинг ёнидан ўтдик, ва олдинроқ кўрмаганимизга ажабландик ҳам.
Тарихий обида ва ёдгорликлар алоҳида масала, аммо айнан паст деворли уйлар тарафда шарқона шаҳарнинг экзотик образи сақланиб қолганга ўхшайди. Бу образни иложи борича сақлаш ва яхшилаш эса нафақат туризм балки авлодларга бор меросни етказиш учун ҳам аҳамиятли.
Аслида юқоридагиларнинг бари Хива ҳатто Ичан қалъа билан боғлиқ ҳаммаси эмас, унинг гўзаллиги ва ўзига хослигини сўзлар билан ифодалаш учун ёзиш борасида мусаввир бўлиш ҳам камлик қилади. Энг яхшиси, бориш ва ўз кўзи билан кўриш керак.
Мавзуга доир:
- «Мушкулим осон бўлсин, дея муқаддас масканларда ширк амалларни бажаришдан уялмайдиганлар, афсуски, кўп». Амир Темур фармони билан бунёд этилган, вақт ўтиб, қадамжога айланган «Зангиота» зиёратгоҳига саёҳат
- Сайёҳларга city’лардан кўра қизиқроқ, тарихда маёқ вазифасини бажарган беш асрлик мадраса — Кўкалдошга саёҳат
Изоҳ (0)