Нигериянинг Имо штатида ноқонуний фаолият олиб борадиган нефтни қайта ишлаш заводида юз берган портлаш оқибатида 100 нафардан зиёд одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати вакилларига таяниб, Reuters хабар берган.
«Портлаш ноқонуний бункер майдончасида содир бўлган, оқибатда 100 нафардан зиёд киши таниб бўлмайдиган даражада куйиб, ҳалок бўлган», — дея баёнот берган Нигерия нефть ресурслари бўйича давлат комиссари Гудлак Опия.
The Sun Nigeria газетаси Опиянинг баёнотига таяниб, Имо штатидаги нефтни қайта ишлаш заводида 22 апрелдан 23 апрелга ўтар кечаси кучли портлаш содир бўлганини хабар қилган.
Опия ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони борасида аниқ маълумот бермаган. The Sun Nigeria мухбири юзлаб одамларнинг куйиб кетгани ва уларнинг жасадлари воқеа жойидан топилганини билдирган.
Ноқонуний нефть заводининг эгаси эканлиги тахмин қилинаётган Окензи Ониенвоки қидирувга берилган.
Аввал 2021 йил 22 октябрда Нигериянинг Риверс штатида ноқонуний нефть заводида ёнғин содир бўлган. Ушбу фавқулодда ҳодиса 25 нафар одамни ҳалок қилганди. Маҳаллий аҳоли нефтни кейинчалик сотиш мақсадида «қора олтин»ни ноқонуний тарзда қайта ишлаш билан шуғулланади, аммо ушбу жараён ҳаёт учун хавфли, дея қайд этган Reuters.
Изоҳ (0)