Франция президенти Эммануэль Макрон Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатларини таърифлашда «геноцид» сўзидан фойдаланиш керак эмаслигини маълум қилди, деб хабар беради CNN.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳарбийларнинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид деб атаган эди. Макрон France 2 телеканалига интервью бераётганида ундан Байденнинг фикрига қўшилиш ёки қўшилмаслиги ҳақида сўрашган. «Ҳозирда бу каби терминлардан фойдаланишга эҳтиёт бўлган бўлардим, чунки ушбу икки халқ (рус ва украин — таҳр.) — ака-ука», — дейди Макрон.
Шу билан бирга, Франция президенти Украинада ҳарбий жиноятлар амалга оширилаётганини таъкидлаган. «Россия бир томонлама тартибда фавқулодда қаттиқ урушни бошлади, рус армияси ҳарбий жиноятларни амалга оширгани аниқланган ва биз айбдорларни топишимиз керак», — дейди у.
Бироқ Макроннинг қайд этишича, «ҳарбий ҳаракатларнинг ортиши» урушни тўхтатиш ва тинчлик ўрнатишга хизмат қилмайди.
Аввалроқ Эммануэль Макрон, агар Украинадаги вазиятни ҳал қилишда фойдали бўлса, Киев ёки Украинанинг бошқа шаҳрига ташриф буюришга тайёрлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)