Аутизм — миллионлаб инсонларнинг узундан узун ҳикоясини ўзида жамлаган сўз. У севиш ва севилиш ҳар доим сўзлар билан ифодаланмаслигига тайёр мисол. Яна ўз дунёсига эга одамлар бор экани учун ҳам кашфиёт ва ихтиролар яратилиши, энг асосийси, турфалик одатий ҳол эканининг исботи. «Дарё» 2 апрель — «Аутизм ҳақидаги маълумотларни халқаро миқёсда оммалаштириш куни» муносабати билан ушбу мавзуга яна тўхталади.
Бу касаллик эмас, балки ҳолат
Дунёда ҳар 100 одамдан бирида учрайдиган аутизм билан боғлиқ статистика Ўзбекистонда илк бор 2010 йилдан юритила бошланган. Унгача бирор болага бундай ташхис қўйилмай, алоҳида кўрсаткич ажратилмаган. 2019 йил якунига кўра ногиронлик турларининг руҳият ва хулқ-атвор бузилиши жами 141,780 нафар одамда қайд этилган бўлса, шундан 16 ёшгача ногиронлиги бўлган шахслар 14,675 нафарни ташкил этиши ҳақида хабар берилганди.
Ушбу рақамлар бир йил ичида нечоғлик ўзгаргани хусусида маълумот олиш мақсадида статистика қўмитасига такроран мурожаат қилдик. Аммо мақола чиқишидан икки кун аввал хат билан чиқишимиз айтилгани ҳамда расмий хат 1 кун аввалгина (ўзимиз кеч чиқдик, яъни қонунчиликка биноан ҳали 7 кун бўлмади) юборилгани, қонунчиликда кўрсатилган муддат бўлмагани учун янги статистикани тақдим этишнинг иложи йўқ ҳозирча.
Аксарият кишиларда аутизм билан боғлиқ янглиш тушунчалар мавжуд. Қўпол бўлса-да, айримлар аутизм билан ақлан заифликни ёнма-ён қўяди. Ёки уни қандайдир орттирилган касаллик деб ўйлайди. Бироқ бу икки фикр мутлақо янглиш. Гап шундаки, ақлий заифлик оддий одамда ҳам учраганидек, аутизмда ҳам ёндош касаллик бўлиши мумкин. Келиб чиқишининг сабаби аниқ эмас.
Аутизм ёки аутистик спектрнинг бузилиши (АСБ) ташқи омиллар билан боғлиқ касаллик эмас. Уни ўзига хослик десак тўғрироқ бўлади. Соддароқ тушунтирганда, ривожланишнинг типик бўлмаган кўринишидир. Уни юқтириб ёки буткул даволаб бўлмайди. Аслида, у кишига халал ҳам бермайди. Фақат вақтида ва барвақт бундай одамлар билан шуғулланиш керак, холос.
Лайло Каримова, 25 ёш — Диёрнинг онаси
Шифокорлар аниқлолмаган ўзига хосликни она қалби билан сезган аёлФото: Getty Images
«Бир нуқтага қараб туради, хаёлан ўзича рақамларни қўшиб ҳисоблайди» — аутизмли болалардаги бу каби стереотиплар асосан киноларда учрайди. Ҳаётда эса ҳаммаси бошқачароқ.
Лайло Каримованинг ўғли Диёр дунёга келганидан бошлаб, уни уйда буюк деб аташади, яъни исми ва буюк сўзларини ёнма-ён қўллашади. Лайло фарзанди туғилмасидан негадир унинг бошқаларга ўхшамайдиган — ўта ақлли, оғир-босиқ бўлишини ич-ичидан сезган. Ҳомила каттароқлиги учун бироз қийналган, лекин боласини қўлга олиши билан ҳамма оғриқларини унутган.
Фото: Getty Images
«Фарзандимни энг малакали шифокорлар, УТТчилар текширувидан кейин дунёга келтирганимга қарамай, туғилган заҳоти дўхтирлардан болам соғломми, деб сўраганман. Улар бўлса: «Ҳа, нега ундай деяпсиз?» дея ҳайрон қолишганди. Нега бундай савол берганимни ўзим ҳам билмайман, рости.
Ўғлим йиғлоқи, аниқроғи инжиқроқ эди. Уни қучоқлашимизни хоҳламас, кийинтирсак ёқтирмасди, ҳатто таглигини алмаштириш ҳам кичкинагина дилхиралик билан тугарди. Бола йиғисига чидолмайман. Балки шунга кўп қийналгандирман. Ўша пайти талаба эдим. Болам кунининг асосий қисмини буви ва аммаси билан ўтказарди. Қорни очганини айтмаса, бошқа вақт ортиқча талпинавермасдиям».
Табиатан сал ваҳимачи, ҳамма нарсани олдиндан, икир-чикиригача билишни хоҳлайдиган Лайло боласининг ота-онаси қайгадир кетса ҳам йиғламаслиги, кўзига қарашдан, тўғридан-тўғри мулоқотдан ўзини олиб қочиши, исмини айтганда қарамаслиги хавотирга сола бошлайди. Кейин у худди шу кузатувларини калит сўз сифатида қўллаб, интернетдаги манбалардан маълумот излаган ва биринчи дуч келгани аутизм бўлади.
«Ҳа, болам кўзимга қарамайди, исмини айтсам эътибор бермайди, мурожаат нутқини умуман тушунмайди, асабийлашса, бошини у-бу жойга уради, айланувчи жисмларни ўйинчоқлардан афзал билади... Сездимки, фарзандимда аутизм белгилари бор. Уйдагилар эса бола ҳали кичкина деб мени овутишяпти. Лекин бола маълум ёшда эгаллаши зарур бўлган кўникмалар бор-ку, ахир», — дейди у.
Суҳбатдошимиз аввалига фарзандининг келажаги қандай бўлиши ҳақида ўйлаб даҳшатга тушган, кейин эса яқинлари, эркин ва соғлом фикрли танишлари билан суҳбатлашиб, бунга енгилроқ қарай бошлаган. Фарзанди юришга ҳаракат қиляпти, ҳаракатларни такрорлай олади ва тушунади, демак, ақлли. Тенгдошларидан фарқи — ҳали гапиришни бошламагани ва кўпчилик даврасида бўлишдан кўра ёлғизликни хушлаши.
Уларнинг тафаккури ўта юқори ёки аксинча худди атрофимиздаги ҳамманинг ақл даражасидек турли бўлиши мумкин. Ўзига хос қобилият, иқтидори билан бошқалардан ажралиб туради. Ўқиб-ўрганишда андак қийналади. Буларнинг бари аутизмга хос. Улар ҳақида гап кетганда биринчи навбатда ўзига хослик ва эҳтиёжлар турфалигига, кейин эса ташхисга урғу бериш керак. Аутизмга эга болаларнинг ҳеч бири бошқасини такрорламайди. Уларни тузатиш, ўзгартириш эмас, шунчаки борича қабул қилиб, севиш лозим.Бир оламга бошқа ракурсдан назар
2018 йилдан бери фаолият юритадиган «Шукрона» таълим муассасасида 80 фоиз аутизмли болалар таҳсил олади. Марказ асосчиси, психолог Саодат Рамазонова бундай болаларнинг ўз олами борлигини айтиб, Лайлонинг гапларини тасдиқлайди.
«Уларда мулоқотга киришиш билан боғлиқ қийинчиликлар яққол кўриниб туради. Фрагментар ҳолда қабул қилгани учун атрофдан ахборот олишда қийинчиликларга учрайди. Аксарият ҳолларда нутқни тушунмаслик ва нутқ ривожланишининг орқада қолиши кузатилади. Улар бошқа болалардек ўйинчоқ ўйнамаслиги ёки аксинча, ўйинчоқ, буюмлар билан манипуляция қилиши мумкин», — дейди мутахассис.Бу белгилар ҳаммада кузатилиши мумкин...
«Бу белгилар аслида, ҳар кимда учраши мумкин. Ҳали катта ёшли бундай инсонларга дуч келмадим. Балки учратгандирман-у, пайқамагандирман. Уларни шунчаки интроверт деб қўяқолганман-ов. Ўғлимдаги аутизм элементларини кўргач, бошқа болакайларнинг хатти-ҳаракатига жиддий эътибор бера бошладим. Мен сезган энг асосий жиҳат – улар бошқа болалар билан ўйнашни унчалик хушламайди. Гапириш билан боғлиқ муаммолар сабабли нима истаётганини тушунтириб беролмайди ва бунинг ортидан инжиқ, одамови ва жиззаки бўлиб қолади», — дейди Каримова.
Лайло ҳақ, аммо яна бир нарсани унутмаслик керак, аутизми бўлмаган одамлар орасида тўғри гапга тушунмайдигани, ақли бўла туриб уни ишлатишдан кўра бошқаларга эргашиш ва тақлид қилишни афзал биладиганлар бўлганидек, аутизм бегона бўлмаган кишиларнинг ҳаммаси ҳам ақлсиз эмас. Улар орасидан чиққан даҳолар бунга далил. Бутун дунёга машҳур Илон Маскда аутизмнинг Аспергер синдроми бўлмаганида, эҳтимол, у ҳам эл қатори яшаётган, коинотни забт этиш фикри хаёлига келмаган бўлармиди...
«Аутизмни характер десам, майлими?», — дейди Лайло. «Ҳарҳолда, ўғлимда шундай. Хўш, нима бўпти шунга? Бора-бора шуни тушуна бошладим. Фарзандим хоҳласа ёлғиз ўйнасин, хоҳламаса, одамлар билан камроқ мулоқот қилсин, муҳими, бу ўзига ёқса, бўлди-да. Болам бахт нима-ю, бахтсизлик нима эканини аниқлаб беришга нима ҳақим бор? Менинг вазифам – ўғлимнинг тили чиқишига ёрдам бериш ва айрим социал ҳолатларга бироз мослаштириш. Қолганини унинг ўзи танлайди. Балки менинг ўғлим ҳам даҳо бўлар? Муҳими ўзи юра олади, фикрлай олади».
Фарзанд орзуларимиз давомчиси эмаслигини таъкидлайдиган Лайло уни борича қабул қилгани ва нима бўлишидан қатъий назар уни қўллаб-қувватлаши, вояга етганида Америкада ўқитмоқчилигини айтади. «Қайсидир ёзувчининг эрталабдан кечгача хонасида қамалиб олиб асар битиши атрофдагилар учун аҳмоқона туйилиши мумкин, аммо унинг ўзи бундан бахтли бўлса, бас. Муаммо йўқ».«Нега ташхис қўйилиши учун ўғлимнинг иккига тўлишини кутиб, вақт йўқотишим керак?»
Лайлонинг ўғли ҳали 2 га ҳам тўлмаган: «Иккигаям кирмаган болага ким аутизм ташхисини қўйди?», деган саволга у ҳеч ким деб жавоб беради. Республикадаги энг малакали тиббий ходимлар қабулида бўлгани, неврологлар нутқий ривожланишнинг кечикиши («ЗРР») ташхисига суянгани, қолаверса, икки ёшгача аутизм ташхисини қўйишга Ўзбекистонда ҳеч кимнинг юридик жиҳатдан ҳақли эмаслигини айтиб ўтади. Ақлий ривожланишдан ортда қолганларни аутизм билан умумлаштиришлари бошқа оналардек уни ҳам ранжитади.
«‘ЗРР’ ташхиси мени тинчлантирмади. Очиқ фитратим ва кўзларим билан кўриб турибманки, фарзандимда аутизмнинг деярли ҳамма элементлари бор. Хорижда аутизм бир ёшдан аниқланиб, терапиялар бошлаб юборилади. Нега мен мутахассиснинг биргина «сизларда аутизм» деган гапини эшитиш учун ўғлим икки ёки уч ёшга тўлишини кутишим керак? Хуллас, мен вақт йўқотишни истамадим. Ҳеч қандай ‘ЗПР’, ‘ЗРР’ деб ўзимни алдамайман, боламни борича тан оламан ва унга ёрдам бериш учун ҳозирдан ҳаракатларни бошлайман. Вассалом», — дейди Диёрнинг онаси.
Аутизмга вақтида эътибор бериш, ҳақиқатдан ўзни олиб қочмаслик бола тақдирида муҳим рол ўйнайди. Қанча барвақт шуғулланса, натижа шунча яхши бўлади. Марказга 1,5 — 2 яшар болажонлар ҳам олиб келинаётганини айтган психолог бунинг сабаби диагностика анча яхшилангани билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб тусмоллайди.Масъулият онанинг бўйнида — шу боис, аёл билимли бўлсин
Лайло Каримова шарт-шароити етарли эканига қарамай, махсус мутахассис топгач, зарур муолажага эҳтиёж туғилса, барибир, молиявий муаммо туғилишидан хавфсирайди. Ўзбекистонда аутизм билан боғлиқ етарли тушунча ва шароитлар бўлмаган бир пайтда ҳамма масъулият онада қолади, дейди у.
«Улар учун махсус АБА терапия, арт терапия ва ўйинли муолажалар бор. Шулар сабаб аутизм ташхисли ажойиб ютуқларга эришган болакайларнинг оналарини ҳам танийман. Билишимча, ривожланган давлатларда бундай бола кунига 7-8 соатлаб махсус терапия олади. Бизда эса бундай ҳажмдаги терапиялар олиш шунчаки имконсиз. Биринчидан, сиз махсус терапевт топишда қийналасиз, иккинчидан, бу терапиянинг ҳар соати мўмайгина пул талаб этади.
Ўзбекистонда АБА терапевтлар тайёрлайдиган бирор муассаса йўқ, умуман, аутизм билан боғлиқ ҳужжат ва ташкилий ишларда АБА терапия тушунчаси борлигига ҳам шубҳам бор. Сабаби — бу янги амалиёт. Уни эса тезроқ ҳаётга татбиқ этиш лозим. Хорижда ўқиган мутахассислар танқислиги ҳисобига терапиянинг нархлари анча қиммат. Масалан, биз ўғлим учун ойига камида 500 доллар сарфлаймиз. Кам таъминланган ёки ўртаҳол оила учун бу оғриқли сумма.
Тўғри, ижтимоий тармоқларда оналар учун қўлланмалар қалашиб ётибди. Уларни топиб ўқиш ва бола билан ишлаш ота-онага, кўп ҳолларда онага боғлиқ. Она эрта ёшдаёқ фарзандида қандайдир ўзгаришлар бўлса, пайқаши ва зарур чораларни кўриши керак. Бу чоралар эса турлича. Аёлларни билимли қилиш масаласи долзарблиги шу ерда ҳам исботини топади».
Баъзида ўғлини махсус терапияга олиб борса, «жинними бу, соппа-соғ боласини касалга чиқариб олиб юрибди» дегандай қадалган нигоҳлардан сезадиган она бола ўзини ақлий носоғлом тутсагина унга аутизм нуқтаи назаридан эътибор берилиши (агар чиндан ҳам берилса)дан ранжийди.
«Одамлар қабул қилиш қилмаслиги, очиғи, менга мутлақо аҳамиятсиз. Менинг вазифам фарзандимда кундалик кўникмаларни шакллантириш. Масалан, оддий болакай қўлини совунлаб ювишни катталарга қараб онгли равишда тушуниб олса, аутизмли болакайга буни бироз меҳнат эвазига ўргатиш керак», — дейди у.
«Фарзандингизни борича севинг»
«Ўғлим кайфиятимиз ва юз ифодамизни оддий болакайлардан яхшироқ пайқайди, жуда сезгир ва синчков. Мультфильм кўришни яхши кўришига қарамай, ҳозир унинг ёнида гаджетларни деярли ишлатмаймиз. Бу жуда яхши ўзгаришларга сабаб бўляпти, кўзга қарашни, ҳиссиётларни улаша бошлаган. Ҳамма нарсани жуда тез ўрганиб олади, шифокор ва бошқа мутахассислар қабулида бўлганимизда ҳам улар «аутизм эмас, ақллилигини қара» — дейди Лайло.«Ҳар қандай боланинг кучли томони бўлади. У хоҳ ёмғир бола бўлсин, хоҳ қуёш бола, хоҳ оддий. Уни топиш ва рўёбга чиқариш керак. Боласида ўзгаришлар сезаётган оналарга мурожаатим: ўзингизни алдаб, вақт йўқотманг, ўзингизни айблаб, асабларингизни чарчатманг, шунчаки, фарзандингизни борича севинг, қадрланг ва бу ўз мевасини беради.
Ҳар қандай болага, умуман, инсонга парвариш, эътибор керак. Боласининг ‘оддий эмас’лигини билиб, дарров бошқа фарзандли бўлишга ошиққан, ноодатий боласини ташлаб қўйган ота-оналар борлигини эшитдим. Бу инсоннинг иши эмас!», — куйиниб сўзлайди у.Дилсабо Бокиева, 34 ёш — Жавлонбекнинг онаси
Касби ўқитувчи бўлган Дилсабо опанинг ўғли сурат чизишни дўндиради. Айниқса, машина чизса борми, ҳар бир деталини кўздан қочирмайди. Тўғри, у гаплашмаслиги мумкин, лекин ота-онаси уни тушуниши учун кўзларига бир қарашининг ўзи кифоя. Умуман, севгига сўз керак деб ким айтди? Дилсабо опанинг ҳам сабр, бардош ва шукр қилишни ўрганса бўладиган ўз ҳикояси бор. Унда Жавлонбек бош қаҳрамон.
2011 йили туғилган ўғли оз-моз йиғлоқи бўлгани рост, аммо онага шу ҳам муаммоми... Аёл туппа-тузук юрган ўғлининг эмлангач аҳволи ёмонлашганини эслайди.
Савол туғилади: вакциналар ва аутизм ўртасида қандайдир боғлиқлик борми? Аслида аутизм пайдо бўлиши билан боғлиқ бир қанча омиллар мавжуд, лекин уларнинг ҳеч бири, хусусан, вакцинадан кейин пайдо бўлиши аниқланмагани айтилади тадқиқотларда.
«Бош мия ички босими бор эди. Даволатганимиздан кейин яхши бўлиб кетди, ўз вақтида юрди, вақтида турди, гапирди. Лекин нима бўлди, билмадим, ҳаммаси эмланганидан кейин бошланди. 30-40 та сўзни биларди, бироқ 3 ёшгача секин-аста сўзларни унутиб қўяверди. Гапириб турган боланинг сўздан қолиши жудаям оғир ота-она учун. Бормаган жойимиз, қилмаган ишимиз қолмади», — дейди у.
Дори ёзиб беришдан бошқасига ярамаган мутахассислар
Дилсабо опанинг боласига Лайлоникидек шифокорлар ташхис қўёлмаган. Билар-билмас дори ёзи бериш билан чекланган, холос. Ота-она эса дори-дармондан пулини аямаган. Натижа эса ҳечам сезилмаган.«Ўшанда ҳеч бир шифокор аутизм деб ташхис қўёлмади. Шу билан яхши бўлиб кетади, деб бир дунё дори ёзиб беришарди. Бора-бора болам бечора укол олса ҳам индамайдиган бўлиб қолди», — дейди она.
Унга айрим шифокорлар «болангнинг аҳволи кундан-кун ёмонлашаверади», ҳатто «мияси қуриган» дейдиган бўлди. Фарзанди ҳақида бундай гап эшитиш ота-она учун ўлим билан баробар.
«Билмадим бошқаларда қандай, аммо мен ва дадаси буни эшитиб тушунтириб бериб бўлмайдиган даражада ёмон аҳволга тушардик. Ташхисни бўлса интернет, ижтимоий тармоқлардан ўқиган маълумотларимиз асосида ўзимиз қўйганмиз. Шифокорлар аутизмни энди-энди, 2 ёшдан аниқлашяпти», — дейди аёл.Гапирадиган нигоҳлар
Беҳад шукр, ўғлим ҳамма нарсани тушунади, айтганимни қилади. Дадаси билан иккаламиз кўз қарашидан нима хоҳлаётганини тушунамиз, дея Дилсабо опа шундай паллаларда уларга тиргак бўлганларни сира унутмаслигини айтади.
Аммо кўчада юрганларида тўсатдан кимдир ўғлининг устидан қаҳ-қаҳ отиб кулса, чидолмайди. «Шундай вақтларда турмуш ўртоғимнинг: ‘Аллоҳ бизга шу болани ишонгани учун берган’, деган гапи далда бўлади, бундан куч оламан», — дейди у шукр қилиб.
Аутизм пул ва вақт талаб қилади
Боласи ҳақида ота-онадан бошқа ҳеч ким астойдил қайғурмайди. Бола билан фақат онанинг шуғулланиши етарли эмас, тўгарак ва машғулотлар эса молиявий жиҳатга бориб тақалашини жуда яхши билади.«Сузишга олиб борай десангиз 40 дақиқаси 100 мингдан бошланади. Логопед-психолог ҳам шунақа. Ташхисимиз сабаб кўп жойларга олишмаган. Хусусийлари эса пулли — қимматлик қилади», — дейди у.
Онаси Жавлонбекни 4 ёшдан 10 га тўлгунига қадар хусусий логопед, психолог, сузишга олиб борган, аммо иложсизликдан тўхтатиб туришибди. Сабаби кредит тўлашлари керак. Аввал ижарада яшашган бўлса, ҳозир уй олишяпти.
Қолаверса, Лайлодан фарқли равишда у боласини жамият қандай қабул қилишдан ўйланади. Чунки у ўғлининг ёлғиз ўзи эмас, дўстлари билан айланиши, кинога бориши, қўшилиб ўйнашини жудаям истайди.
«Бола тенгқурлари билан ўйнаши керак. Қани энди буни ҳамма англаса. Биласизми, аутизмли болажонлар ҳамма нарсани жудаям яхши тушунишади. Устидан кулганни ҳам, уни масхара қилганни ҳам. Уни бошқа болалар қатори югур, ўйнаб келавер, деб чиқариб юборолмаймиз кўчага», — дейди Дилсабо.
Саодат Рамазонова эса бундай болаларда ўз ҳаракатлари билан аутостимуляция ҳолатига тушиш ҳолати кўп кузатилиши, тушунарсиз овозлар чиқариб юриши мумкинлигини таъкидлар экан, уларнинг ҳаммасида симптомлар, қолаверса, ривожланиш босқичи ва хусусият ҳам турли эканини унутмаслик кераклигини тушунтиради.
Астойдил шуғулланса, анча ривожлантириш мумкин, бунда уйдаги муҳит ҳам катта таъсир қилади, деб фикри билан бўлишган Жавлонбекнинг онаси ўғли авваллари кўзга қарамай қўйгани, ҳозир эса анча яхшилигига шукур қилади.Сайқалга муҳтож иқтидор
Айрис исмли қизалоққа 2 ёшга тўлганида аутизмнинг оғир шакли ташхиси қўйилади. Онаси Арабелла Картер-Жонсон («Айрис Грэйс. Бошқача қиз ва бошқача мушукча ҳикояси» китоби муаллифи) фарзанди билан мулоқот қилиш усулини топиш ва Айрис бахтли бўлиши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилган. Қизи сурат чизар, чизганда ҳам бетакрор ижод қиларди. Буни пайқаган она шу жиҳатни ривожлантириш кераклигини тушуниб етади. Натижада уч яшар Айрис санъат оламида шов-шув кўтаради. Анжелина Жоли, Эштон Катчер ва Зоуи Дешанель сингари машҳурлар унинг ижодига мухлислик қилади.
Расм чизиш жон-у дили бўлган Жавлонбек ҳам мана шундай танилиб кетар балки. Фақат синдромни рўкач қилмайдиган устоз топилса кифоя. Яна қиммат бўлмаса ҳам яхши бўларди.
«Шароити етарли оналарга кўпроқ машғулотларга боришни тавсия қилардим. Шундай боласи бўла туриб ишлайдиган оналарга эса озроқ енгилликлар керак деб ўйлайман. Кўпчилик оналар ишлолмайди. Мен ҳам мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман», — дейди Дилсабо опа.
Фарзандини борича қабул қилгани ва бошқалардан ҳам шуни сўрайдиган аёл ўғли улғайса, ватанига хизмат қиладиган бўлиб етишишига ишонади.
«Майли кўзимга боқма, гапирма — сени борингча яхши кўравераман»
Лайло гарчи уни қучоқлашлари, баъзида кўзига қарашни хоҳламайдиган ўғлининг «она» деб чақирмаса-да, уни жудаям яхши кўришини айтгиси келади.«Балки у ҳеч қачон ‘она’ демас. Бунга ҳам руҳан тайёрлайман ўзимни. Уларнинг маълум фоизи гапириш кўникмасига эга эмаслиги бор гап. Майли, шунда ҳам ўғлимни яхши кўраман».Ота-оналар фарзандини шифокорлардан кўра яхшироқ билиши, ҳис қилишига амин бўлган суҳбатдошимиз боласида қандайдир ўзгариш сезилаётган бўлса, «болам ҳали кичкина», «биринчи фарзанд бўлганига босиқроқ» каби доимий тасаллилар билан ўзларини алдамасликларини истайди.
«Майли, айтганингиз келсин, болангиз билан ҳаммаси жойида бўлсин, лекин ундай бўлмаса, вақт йўқотасиз. Аутизм билан курашда энг қимматли қурол — вақтдир», — дея фикрларини якунлайди у.Дунё хилма-хиллик билан гўзал
Агар бир хил бўлиш керак бўлганда дунёдаги 30 миллиард аҳоли ўхшаш бўлиб туғиларди. Кўриниш, фикрлар сингари руҳий ҳолатнинг турфа бўлиши бу эса онда-сонда ёки доимий кузатилиши нормал. Тенг ҳуқуқли бўлиш, тўлақонли имкониятлардан фойдаланиш учун инсоннинг қандай экани, нега бундай эканининг заррача аҳамияти йўқ.
Ҳеч кимни қаҳрамонга айлантириш ёки қурбон сифатида кўрсатиш эмас, шунчаки шаъни ҳар недан устун бўлиши керак бўлган (ҳарҳолда телевидение ва плакатларда шундай ёзилади) энг олий қадрият — инсон сифатида кўрилиш керак, холос.
Мавзуга доир:
- Асосий фарқлари: хромосомаси ва меҳри бизникидан кўплигида. Стереотиплар ҳаётини барбод қилиши мумкин бўлган Даун синдромли «қуёш болалари»
- «Наҳотки борича қабул қилиш шунчалар имконсиз?». Аутизмга чалинган болани тарбиялаётган ота таълимдаги дискриминация, ўзбекчилик ва ННТ очиш орзуси ҳақида
- «Болам яшаса бўлгани». Ўзбекистонлик бу болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин, фақат миллиардлар эвазига
Изоҳ (0)