«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз — 12 йилдан буён Россияда ишлаётган Шаҳноза Саидқулова.
Шаҳноза Саидқулова, 39 ёш. Сурхондарё вилоятида туғилган. Термиз педагогика билим юртини тамомлаган. Икки фарзанднинг онаси.
2010 йилдан бери турмуш ўртоғи билан Россия Федерациясида ишлаб келмоқда.
Ноҳақлик туфайли бахтли кунларимизга нуқта қўйилди
Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам бир жойнинг одамимиз. Сурхондарёда тўйимиз ўтгач, хўжайиним ҳарбий соҳада ишлагани учун Жиззахда яшай бошладик. Бирин-кетин икки боламиз туғилди. Мен оила ташвиши, рўзғор, бола-чақа билан банд эдим, эрим ҳам ишига бориб келар, биргаликда рисоладагидек ҳаёт кечирардик. Кун келиб, бу бахтли кунларимиз ноҳақликлар сабаб тугайди деб сира ўйламасдик.Бир куни турмуш ўртоғим ишдан кайфиятсиз қайтди. Сабабини сўрасам: «Ишхонам мен билан шартномасини тугатди, нега десам, бу давлат сири дейишди», деди.
Ўшанда қисм командирининг олдига бориб, нега бундай қарорга келганларини сўрадик. Аммо барча саволларимиз жавобсиз қолди.
Эрим оддий ишчи оиласидан чиққан, барига ўз кучи, ҳаракати билан эришган эди. Қайнотам ҳайдовчи, қайнонам фаррошлик қилиб, беш болани улғайтиришганди.
Кейин 2010 йили Жиззахдан Сурхондарёга — қайнона-қайнотамникига қайтиб, ўша ердан қўним топдик. Болаларим ҳали кичкина, қизим беш, ўғлим 3 ёшда эди. Рўзғорни тебратиш ниятида иккимиз ҳам иш қидиришга тушдик. Иш топиларди-ю, тайинли маошлиси ҳадеганда учрамасди. Охири, гапни бир жойга қўйиб, якуний чора – четга ишга кетишга қарор қилдик. Қариндошимиз ёрдамида Россиядан иш топдик.
Хуллас, ноҳақлик туфайли болаларимни укамга ташлаб, узоқ элларга кетишга мажбур бўлдим. Хайрлашаётганимизда қизим билан ўғлимнинг дарвоза олдида юм-юм йиғлагани ҳалиям кўз олдимда. Эсласам, йиғлагим келаверади.
Бу ерда бегоналарга эмас, ўзингникиларга алданасан
2010 йили Россиянинг Тверь шаҳрига келдик. Мен катта ресторанга идиш ювувчи бўлиб ишга кирдим, турмуш ўртоғим эса юк ташишда ишлай бошладилар.Бошида жуда қийналдик. Ҳатто тунашга тузукроқ бошпанамиз йўқ эди. Мен 14—17 соатлаб ишлаб, кечаси бир келинчакнинг дала-дўконида ухлардим. Эҳ-ҳе, квартира топгунча не кунларни бошдан кечирмадик.
Қолаверса, мусофирмиз, бегона юрт, қонун-қоидаларини билмаймиз. Ҳужжатлар борасида алданиб қолдик. Бу ерда энг ёмони, бегоналар эмас, аксинча, ўзингизникилар терингизга сомон тиқиб кетади.
Келган пайтимиз қўлимизда 500 долларимиз бор эди, холос. Иш топиб берган танишимизнинг жиянига бизга керакли ҳужжатларни тайёрлаб бериши учун ҳамма пулимизни топширганмиз. Аммо у бизни алдаб, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб берган экан.
Унга боғлансак, ҳеч нима бўлмайди, ҳамма шундай ишлаб юрибди, деб пулларимизни қайтариб бермади.
Кейин бошқа юртдошдан қарз олиб, Украинага кирди-чиқди қилдик. Ҳужжатларимизни қайта бошдан қонуний йўл билан ўзимиз тайёрладик.
Ишда тиним билмасдим. Директор чаққонлигим ва тил билганим учун «холодний цех»га ишга ўтказди. Кейин «раздача»га ўтдим. Маошим кўтарилди. Ҳаётимиз аста-секин изига туша бошлади.
Операциям учун бир рубль ҳам тўламадим
Келганимизга ўн йилдан ошган бўлса, шу ресторандан бошқа жойга ишга ўтмадик. Меҳнат шароитлари аъло даражада. Озиқ-овқатимиз ресторан ҳисобидан. Директоримиз бағрикенг инсон, ёрдам сўрасак, ҳеч қачон йўқ демаган.Бир хонали квартирани ижарага олганмиз. Ойига 13 200 рубль тўлаймиз. Айни вақтда РВП олганмиз. Бу ҳужжат бизга Россия давлатида патент тўламасдан уч йиллик муқим яшаш ҳуқуқини беради. Худди ўз фуқаросидай давлатга 13 фоиз солиқ тўлаймиз. Қонуний суғурта полисимиз бор.
Яқинда кўкрак соҳамда операцияни бошдан ўтказдим. Суғурта полисим туфайли текширувлар, таҳлиллар, шифокор хизмати ва жарроҳлик амалиёти учун бир рубль ҳам тўламадим. Ҳаммаси бепул бўлди.
Мана, инсон қадри! Ўзимизда бирор жойингиз оғриб, шифокорга боринг, бор-будингизни шилиб олади. Шунга яраша етарли шароитга эга шифохоналар ҳам йўқ. Хусусийлари эса қиммат.
Ишхонамизга 600 доллар ойликка кўнадиган рус фаррошини тополмадик
Менимча, ўзбекистонликларнинг 40 фоизи Россияда. Асосан, қурилиш соҳасида ва бошқа ташкилотларда фаррош, ошпаз бўлиб ишлашади, киракашлик қилаётганлар ҳам анча-мунча.Ишхонамизнинг ҳам деярли ярмидан кўпи ўзбеклардан иборат. Фақат тил билмагани, ҳужжатларини тўғри қилмаганларнинг кўпи оғир ишларда ишлайди.
Бу ерда тил билган ҳар қандай одам яхши даромад қилиши мумкин. Муҳими, ичмай-чекмай, ишига масъулият билан қараса бўлгани.
Баъзида ўйлаб қоламан, ахир бизнинг давлати ҳам камбағал эмас-ку. Фуқаролари учун нимадир қилса бўлади-ку!
Ишхонамизга икки йилдан бери яхши фаррош қидирамиз. Ойлиги 600 доллар атрофида, лекин шунча вақтдан бери бирор рус аёли иш сўраб келмади. Айтинг-чи, бизда фаррошлар шунча ойлик оладими?
Россияда устанинг ойлиги 80 минг рубль, тракторчиники 120 минг, ҳайдовчиники эса 100 минг рублдан бошланади.
Агар оддий ишчиси шунча ойлик олса, энди бошқа касб эгаларининг маоши қанча бўлишини тасаввур қилаверинг.
Барибир Россиядан кетолмаймиз
Россия—Украина ўртасида вазият кескинлашгач, ишда қисқартиришлар бўлмади-ю, лекин рубль тушиб, топаётган пулимиз «копейка» бўлиб қолди. Қолаверса, ҳамма нарсанинг нархи ошиб кетган. Биз яшайдиган шаҳарда каттакон завод, кўплаб бренд дўконлар ёпилди. Ишчилари эса ишсиз, даромадсиз қолди. Табиийки, руслар биринчи бўлиб ўз фуқароларини иш билан таъминлайди. Энди муҳожирларни янада эзиш бошланади. Айниқса, бу ернинг ҳокими мигрантларни ёмон кўрадиган миллатчи одам.Тверь шаҳрида бутун Россия бўйича қиммат патент тўлови бор. 7000 минг рублга чиққан. Ўз фуқаролари ишсиз қолгач, энди бизни чиқариб юборишга уринишади. Аммо кетолмаймиз. Чунки юртимизда шу пулни ҳам топа олмаймиз.
Фарзандингни дунёга келтирсанг-у, ўзинг катта қилолмасанг, алам қиларкан
Ҳаётимда унутилмас, оғриқли воқеалар кўп бўлган. Бири эримнинг беайб ишсиз қолиши, фарзандларимни қон йиғлатиб, бошқа давлатга кетишга мажбур бўлганим, иккинчиси ва энг аламлиси, карантин туфайли онамнинг жанозасига боролмаганим... Ўшанда ҳамма жойлар ёпилганди, билетлар 120 минг рублга чиқиб кетган пайт эди. Билет ололмай, онамни сўнгги манзилга кузатолмаганман.Аллоҳга шукр, нолимайман, ҳаётимизда яхши кунлар кўп бўлди. Ишлаб, яхши даромад қилиб, бекам-у кўст яшаяпмиз. Шароитлар етарлича. Бироқ... айрилиқ, соғинч одамни еб юбораркан. Қизимни 5 ёшида ташлаб келгандим, ҳозир 9-синфда ўқияпти. Тўғри, шу фарзандларимни бировдан кам қилмай деб ишлаб юрибмиз, лекин барибир фарзандингни туғиб дунёга келтирсанг-у, ўзинг катта қилолмасанг, одамга ёмон алам қиларкан-да.
Аввал ёш бўлган эканмиз, уй қуриб, машина олсак бўлди, деб ўзимизни овутардим. Аммо бу орзулар рўёби билан ҳаёт тўхтаб қолмас экан. Фарзандларингиз катта бўлгани сари мақсадлар ўзгариб, катталашиб боравераркан.
Ҳозир бор эътиборимни ўқишига қаратганман. Имконим борича уларни шу ерга олиб келиб, олий маълумотли қилиш ҳақида ўйлаяпман. Иккиси ҳам тайёрлов курсларига боришади. Бу мақсадим йўлида бор маблағимни сарфлашга тайёрман. Токи бизга ўхшаб қийналмасин, оиласидан узоқда ишлашга, кун кечиришга мажбур бўлмасин.
Мавзуга доир:
- «Ватанга қайтмаслигим сабаби пул билан боғлиқ эмас». 6 йилдан буён Россияда ишлаётган фарғоналик муҳожир йигит ҳикояси
- «Ҳеч бир аёлга мусофирнинг ҳаётини раво кўрмайман». Эрининг операцияси ва қизларининг ўқишига пул топиш учун Туркияга ишлашга кетган муҳожир аёл ҳикояси
- «Битта машина олсам бўлди, бу ерларга қайтиб келмайман». Россияда қурилишда ишлаётган олий маълумотли ўзбекистонлик муҳожир ҳикояси
- «Мен ҳам ибодатларимни қилиб, уйда ўтиргим келади, аммо бу пулни ўзимизда тополмайман». Ўғлининг қимордаги қарзларини узиш учун Москвада ишлаётган 56 ёшли аёл ҳикояси
- «Елкамдаги масъулият оғирлигидан ҳатто тушимда ҳам Ўзбекистонда бўлиб қолиш мен учун қўрқинчли». Москвада ишлаётган сурхондарёлик йигит ҳикояси
- «Болаларимни ўкситмаслик учун қўлимдан келганини қиляпман». Туркияда ишлаб, фарзандини Лондонда ўқитаётган ўзбекистонлик муҳожир аёл ҳикояси
Изоҳ (0)