«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалининг «Тайлоқтумангаз» бўлимида кондиционердан суюқлик отилиб чиқиши натижасида уч киши куйиш тан жароҳати олган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Айтилишича, воқеа 2022 йилнинг 18 март куни соат, тахминан, 15:00 да содир бўлган.
Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Илҳом Боқиевнинг «Дарё»га мухбирига маълум қилишича, содир бўлган ҳолат бўйича ҳеч қандай хабар келиб тушмаган.
«Тайлоқтумангаз» бўлими раҳбари Бекзод Шароповнинг айтишича, воқеа жойида ёнғин ва чақнаш ҳолати бўлмаган. Содир бўлган воқеа ортидан «Тайлоқтумангаз» бўлимининг бир нафар ходими ҳамда икки нафар истеъмолчи куйиш тан жароҳати олган.
«Жабрланувчилар туман тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Тайлоқ туманидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Жабрланувчиларга инсонийлик жиҳатдан нима ёрдам керак бўлса, нима дори-дармонлар зарур бўлса, ҳаммасини олиб бериб, иккита ходимни ҳам навбатчи қилиб қўйганмиз», — дейди Бекзод Шаропов.
Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев ҳолат юзасидан батафсил маълумот беришини маълум қилди.
Мавзуга доир:
- «Ўғли отасига ёрдам бермоқчи бўлган ва у ҳам 20 фоиз куйган». Қашқадарёда яшин уриш ҳолати юзасидан қўшимча маълумот берилди
- Тошкентдаги корхона ётоқхонасида содир бўлган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 3 киши қамоққа олинган
- Фарғонада газ баллон ташувчи автомашинада ёнғин содир бўлди (видео)
Изоҳ (0)