Эрлинг Ҳоланд катта эҳтимол билан ёзда «Боруссия Д»ни тарк этади.
Bild хабарига кўра, норвегиялик ҳужумчининг трансфери учун, тахминан, 355 миллион евро сарфлаш керак бўлади. Бу суммага маош, товон пули ва футболчининг атрофидагилар учун тўланадиган комиссия киради. Ҳозирда ҳужумчи учун курашда энг қулай позицияни «Манчестер Сити» эгаллаб турибди.
«Боруссия Д» Ҳоланднинг шартномасида кўрсатилган 75 миллион евродан бор-йўғи 50—55 миллион евро олади, чунки футболчининг агенти Мино Райола бу сумманинг 10 миллион евросига эга чиқади.
Бундан ташқари, Дортмунд клуби норвегиялик футболчи аввал ўйнаган барча клубларга бонуслар тўлаши керак бўлади.
Goal’нинг ёзишича, Ҳоланд ҳали қайси клубга ўтишни ҳал қилмаган ва Карим Бензема ҳамда Килиан Мбаппе билан «Реал»да бирга тўп суриш тўғри қарор эканлигига шубҳа қилмоқда. У лойиҳанинг асосий юлдузи бўлишни хоҳлайди.
Қайд этилишича, «Реал» ҳам ҳали Ҳоландга таклиф билан чиқмаган. Шунингдек, «Барселона» ҳам футболчи атрофидаги вазиятни кузатиб бораётгани айтилмоқда.
21 ёшли ҳужумчи жорий мавсумда «Боруссия Д» сафида 22 та ўйинда майдонга тушиб, 23 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди. Унинг «арилар» билан шартномаси 2024 йилда ўз ниҳоясига етади.
Изоҳ (0)