Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида фуқаролар номига кредит ажратиб, пулларни ўз мақсадлари йўлида сарфлаган шахслар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департаменти.
Маълум қилинишича, департаментнинг Сардоба тумани бўлими томонидан АТ «Халқ банки» Сардоба филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «Халқ банки» Сардоба филиали собиқ ходимлари А.М., Н.С., О.Т. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, 54 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз улар номига 1,2 миллиард сўм кредит ажратиб, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган. Шунингдек, улар 7 нафар банк мижозлари томонидан кредит қарздорлигини сўндириш мақсадида топширилган 18 миллион сўм нақд пулни банк кассасига кирим қилмасдан, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин, Тошкентда ўзгалар номига 900 млн сўмга яқин онлайн кредит олган шахс аниқлангани, Андижонда 470 млн сўм кредит маблағини талон-торож қилган банк ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, Жиззахда ўзгалар номига 120 млн сўм кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштирган «Микрокредитбанк» ходимига жиноят иши очилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)