Голливуд юлдузи бутун дунёни украиналик муҳожир ва қочқинларга ёрдам беришга чақирмоқда.
Австралиялик актриса Кейт Бланшетт ҳам кўплаб юлдуз ҳамкасблари сингари Украинадаги қийин вазиятга ўз муносабатини билдирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича яхши ният элчиси Кейт видеомурожаат йўллаб, урушдан жабр кўрган украиналикларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳамма иштирок этиши ва ҳисса қўшиши кераклигини айтди.
https://www.instagram.com/tv/CaxD3ECAbYb/?utm_source=ig_web_copy_link
«Юз минглаб одамлар аллақачон хавфсиз, аммо яна миллионлаб одамлар хатар остида», – дейди Бланшетт.
Кейт Украина фуқароларига ёрдам бериш учун БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги жамғармасига маблағ ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилди. Кейт Бланшеттнинг видеосини унинг визажисти Мери Гринвелл ўзининг Instagram профилига жойлади.
«Бизнинг фикримиз ва қўллаб-қувватлашимиз ҳамиша Украина билан, уларнинг бошига тушган бу мусибатга барҳам бериш учун ибодат қиламиз», – деб ёзади Гринвелл.
Эслатиб ўтамиз, Голливуд юлдузлари Райан Рейнолдс ва Блейк Лайвли украиналик қочоқлар учун миллион доллар хайрия қилди. Шунингдек, жаҳонга машҳур актриса Анжелина Жоли ҳам Украинадаги вазиятга муносабат билдириб, тинч аҳолига ёрдам беришини маълум қилганди. Актриса узоқ вақтдан бери БМТнинг яхши ният элчиси сифатида бутун дунё бўйлаб қочқинларни қўллаб-қувватлаб келади.
Изоҳ (0)