Йўловчилар орасида талаб ортиши муносабати билан Тошкент шаҳридан Россиянинг Қозон ва Новосибирск шаҳарларига қўшимча авиақатновлар амалга оширилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airways хабар қилди.
Қайд этилишича, Тошкент—Қозон—Тошкент йўналиши бўйича қўшимча парвозлар 13, 16, 20 ва 23 март кунлари ташкил этилади. Тошкент—Новосибирск—Тошкент йўналиши бўйича рейслар эса 15 ва 22 март кунлари учади.
Аввалроқ 13 ва 20 март кунлари Тошкент—Екатеринбург—Тошкент йўналиши бўйича, 9, 16 ва 23 март кунлари Тошкент—Новосибирск—Тошкент йўналиши бўйича ҳам қўшимча авиақатновлар жорий этилиши хабар қилинганди. Бундан ташқари, 9 мартдан 14 мартгача Тошкент—Москва—Тошкент йўналиши бўйича қўшимча рейслар, 11, 13 ва 14 март кунлари Тошкент—Санкт-Петербург—Тошкент йўналиши бўйича парвозлар амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways эса Россия ҳаво ҳудудининг бир қисми ёпилиши билан боғлиқ чеклов сабаб бир қатор шаҳарларга парвозлар жадвали ва йўналишини ўзгартирди. Унга кўра, 3 мартдан 26 мартгача Ўзбекистон—Сочи—Ўзбекистон йўналишида қўшимча қатновлар жорий этилиб, Краснодар ва Ростов-Дон шаҳарларига режалаштирилган парвозлар Сочи шаҳрига амалга оширилади.
Шунингдек, Россиянинг iFly авиакомпанияси 5 март санасидан бошлаб Ўзбекистонга бажарилиши кутилаётган ҳамда барча режалаштирилган йўналишларда ўз парвозларини номаълум муддатга тўхтатганди. Шунингдек, Smartavia авиакомпанияси ҳам 7 март кунига режалаштирилган Москва—Урганч—Москва йўналишидаги парвозни бекор қилди.
Изоҳ (0)