IrAero авиакомпаниясининг Самарқанд—Иркутск йўналиши бўйича учган самолётидаги 61 нафар йўловчининг багажи аэропортда қолдириб кетилди. Бу ҳақда «Ўзавиация» агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 28 февраль куни IAE598 рақамли чартер парвози RRJ-95 (Sukhoi Superjet 100) самолётида амалга оширилган.
Самарқанд аэропортидан жўнаб кетишдан олдин, ҳаво кемаси экипажи томонидан маршрутдаги шамолнинг тезлиги ва йўналишини ҳисобга олган ҳолда етарлича ёнилғи қуйиш тўрисида қарор қабул қилинган.
Шу сабабли экипаж аъзолари Самарқанд аэропортидан жами 90 нафар йўловчи ва 423 килограмм юк билан учиб кетган. Ушбу самолётда ўша куни учиш вазни чегараланганлиги сабабли 61 нафар йўловчининг багажи Самарқанд аэропортида бортга ортилмаган.
IrAero авиакомпаниясидан олинган маълумотларга кўра, йўловчиларнинг қолиб кетган багажларини «Сибир» авиакомпаниясининг 2 мартга режалаштирилган Самарқанд—Иркутск йўналишидаги чартер парвози билан етказилишига келишилган.
Изоҳ (0)