Европа Иттифоқи Россиянинг SWIFT халқаро молиявий хабар алмашиш тизимидан чиқариб ташланиши мумкин бўлган банклар рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Қайд этилишича, «Сбербанк» ва «Газпромбанк» бу рўйхатга киритилмаган. Бунинг сабаби сифатида Европа учун Россияни молиявий жиҳатдан изоляция қилишнинг иқтисодий оқибатларидан ташвишланиш кўрсатилмоқда. Рўйхат Европа Иттифоқи ҳукумати вакиллари томонидан муҳокама қилинмоқда ва расмий эълон қилинишидан олдин ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Сбербанк дунёдаги энг йирик энергия экспортчиси бўлган Россиядаги бошқа банклардан икки баравар кўп активларга эга. У 100 млндан ортиқ чакана мижозларга эга бўлган мамлакат депозитларининг қарийб ярмига эгалик қилади. «Газпромбанк» Россия энергетика тизими учун асосий банк ҳисобланади.
SWIFT’дан узилиши мумкин бўлган банклар рўйхатига «ВТБ», «Промсвязбанк», «Совкомбанк», «Откритие» банки, «Россия» банки, «Новикомбанк» ва Россия давлат ривожланиш корпорацияси — VEB.RF киради.
АҚШ, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия ва Канаданинг қўшма баёнотида Россиянинг айрим банкларини SWIFT хабар алмашиш тизимидан ўчириш қарори ҳафта охирида эълон қилиниши айтилган.
Аввалроқ Россия банкларининг SWIFT’дан узилиши Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)