Самарқандда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан такси ҳайдовчиларидан «ўлпон» ундириб келган уюшган гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Олинган тезкор маълумотларга асосан Самарқанд шаҳрида яшовчи бир гуруҳ спортчилар Самарқанд—Навоий йўналишдаги шоҳбекатни зўравонлик ва ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ҳайдовчилардан ушбу йўналишга кириш учун 500 доллар, кунлик қатновчи ҳайдовчилардан эса 50 минг сўмдан пулларни товламачилик йўли билан олиб келгани аниқланган.
ИИВ ЖҚББ, ДХХ, прокуратура ҳамда вилоят ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, ушбу фаолият билан шуғулланиб келаётган 7 нафар шахс қўлга олинган ва уларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилган.
Самарқанд шаҳар «Гала Осиё» маҳалласида яшовчи 1985 йилда туғилган Ш.Д. ушбу жиноий гуруҳга етакчилик қилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ш.Д. ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан бир неча кун олдин Самарқанд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ўтказилган тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи ҳайдовчилардан тамагирлик қилиб келган бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилганди.
Изоҳ (0)