Ҳимоячи Жасур Ёқубов фаолиятини «Пахтакор»да давом эттиради. Бу ҳақида Тошкент жамоаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ёқубов «Пахтакор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. 2021 йилги мавсумни «Сурхон» сафида ўтказган футболчи «шерлар» билан 2 йиллик шартномага имзо чекди.
Жасур бунгача «Қўқон—1912», «Сурхон» жамоалари шарафини ҳимоя қилганди. Transfermarkt маълумотларига кўра ҳимоячи 2022 йилнинг январь ойида эркин агент сифатида «Локомотив» сафига бориб қўшилган. Аммо февраль ойи бошида «темир йўлчилар» сафини тарк этган.
Ёқубов Суперлигада ҳозиргача 23 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол муаллифига айланган.
Аввалроқ «Пахтакор» Камен Ҳажиев, Алексей Ларин, Оливер Шаркич, Сардор Рашидов, Икром Алибоев, Авазбек Ўлмасалиев, Миржаҳон Мираҳмадов каби футболчиларни ўз сафига қўшиб олганди. Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Аброр Исмоилов ва Марлен Чобанов эса жамоа сафини тарк этди.
«Пахтакор»ни 2021 йилги мавсум чемпионига айлантирган бош мураббий Питер Ҳюистра жамоани тарк этиб, унинг ўрнини Славче Войнески эгаллади.
Изоҳ (0)