«Тошкентшаҳаргаз» таъминоти собиқ ходими Б.Н. Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Юнусобод туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланди, деб хабар бермоқда департамент матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, у фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида ташкилотнинг хизмат гувоҳномасига сохта маълумот киритиб, фуқаро А.га оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда табиий газ тармоғига уланиш учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилган. Эвазига 16,5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 28, 211-моддаси (пора бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда газ таъминоти бўлими масъул раҳбари пора билан қўлга тушганди. У 2,5 миллион сўм эвазига фуқаро хонадонидаги газ сарфи қарздорлиги учун ҳисобланган 4 миллион сўм пеняни қайта ҳисоб-китоб қилиш орқали йўқ қилиб беришни ваъда қилган.
Изоҳ (0)