Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, янги тартибда иш юритиш бошланиши хабар қилинганди. Шунга кўра, 1 февралдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида юритиладиган 26 турдаги ҳисоб журналларидан 14 таси қолдирилиб, 10 таси соддалаштирилади, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Қайд этилишича, эндиликда амалиётда қуйидаги тиббий ҳисоб журналлари юритилади:
- шифокорнинг кундалик қабул журнали;
- акушер-гинекологнинг кундалик қабул журнали;
- шифокорлик маслаҳат комиссияси хулосаларини қайд этиш журнали;
- меҳнатга лаёқатсизлик варағини қайд этиш журнали;
- муолажа хонасида қон намуналари олишни қайд этиш журнали;
- физиотерапия ҳамширасининг кундалик қабул журнали;
- асбоб-ускуналарни зарарсизлантиришга топшириш ва қабул қилиш журнали;
- оила ҳамширасининг кундалик фаолият журнали;
- дори воситалари, диагностикум, реактив ва тиббий буюмларни миқдорий ҳисобга олиш журнали;
- муолажаларни қайд қилиш журнали;
- юқумли касалликларни қайд этиш журнали;
- эмлашни қайд этиш журнали;
- оила паспорти (028-ҳ/ш);
- лаборатор таҳлилларни қайд этиш журнали (034-ҳ/ш).
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрь охирларида Соғлиқни сақлаш вазирлигида Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ тиббиёт ходимлари билан ўтказилган учрашувда амалиёт учун фойдали бўлмаган, ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқараётган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қисқартириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилганди.
Изоҳ (0)