Россияда баландликдан йиқилиб, умуртқа поғонасидан оғир тан жароҳати олган хоразмлик мигрант Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, агентликка Хоразм вилоятида яшовчи К.Б. мурожаат қилиб, Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида оғир тан жароҳати олган турмуш ўртоғи Б.М.ни Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаат аризаси бўйича гентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганда Б.М. 2019 йилнинг майида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россияга кетгани, 2021 йилнинг ноябрида баландликдан йиқилиб, умуртқа поғонасидан оғир тан жароҳати олгани аниқланган.
Фуқаро мустақил ҳаракатлана олмаслиги, меҳнат қилиш қобилиятини йўқотгани ва даволаниш жараёнини давом эттириш мақсадида Ўзбекистонга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Фуқаронинг паспорти яроқсиз ҳолга келиб қолгани сабаб ваколатхона ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистоннинг Москвадаги бош консулхонаси томонидан ватанга қайтиш гувоҳномаси коммиссия тўловларисиз, қисқа фурсатларда тайёрлаб берилган.
23 январь куни фуқаро Б.М. шифокор назоратида Москва—Тошкент авиарейси орқали Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келинган.
Уни Тошкент халқаро аэропортида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маъсул ходимлари ва фуқаронинг яқин қариндошлари кутиб олган ва Хоразмга кузатиб қўйган.
Бундан аввал Россияда бахтсиз ҳодиса сабаб оёғидан оғир жароҳат олган ва соғлиғи кескин ёмонлашгани сабаб меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган икки фуқаро Ўзбекистонга қайтарилганди.
Изоҳ (0)