Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти перинатал маркази ҳовлисида ўндан ортиқ дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларда дарахтларни кесиш вилоят ҳокими буйруғи асосида амалга оширилгани айтилган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги баёнот берди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда вилоят перинатал марказида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
«Қурилиш лойиҳасига кўра, ҳозирги кунда ҳудудда 180 дан ортиқ манзарали дарахт ва кўчатлар экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, ҳеч ким дарахтларни кесиб ташлаш тўғрисида буйруқ бермаганини маълум қиламиз.
Юқорида келтирилган ҳолат вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида назоратга олинди. Ҳудудда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилиши ва бу ҳақда батафсил ахборот берилишини маълум қиламиз», – дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Давлат Экология қўмитаси ҳолат юзасидан экология бошқармаси ва ИИБ масъул ходимлари томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Дастлабки суриштирув натижаларига мувофиқ, мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган.
Мазкур қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаат натижасини кутмасдан, қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан бугун тунда ушбу мудҳиш ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган.
Изоҳ (0)