Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкентдан Бухорога учиши керак бўлган HY023/024 рейси кучли туман сабаб кечиктирилди. Бу ҳақда Бухоро халқаро аэропортига таяниб, Telegram’даги Bukhara News канали хабар берди.
Бухоро аэропортидаги кучли туман туфайли — кўриш масофаси 100 метр атрофида бўлиб, аэропорт кўрувчанлик яхшилангунга қадар самолётларни қабул қилиш учун ёпилган. Тошкент—Бухоро рейсининг парвози маҳаллий вақт билан соат 11:00 га кўчирилган.
Шунингдек, «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Бухоро—Москва йўналиши бўйича учиши керак бўлган АФЛ-1877 сонли рейси ҳам ноқулай об-ҳаво шароити сабаб қолдирилган. Мазкур рейсда учиши керак бўлган 133 нафар йўловчи «Гранд Бухоро» меҳмонхонасига жойлаштирилган. Экипаж эса иш вақти тугагани сабаб дам олишга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни Урганч ва Нукус аэропортларида кўриш имконияти ёмонлиги сабабли самолётлар учиш ва қўнишни амалга ошира олмаган эди. 6 январь куни Тошкентдан учган иккита самолёт туман сабаб белгиланган аэропортларга қўна олмаган. 7 январь куни эса кучли туман Ўзбекистондаги бир қанча аэропортлар фаолиятини чеклаб қўйганди.
Изоҳ (0)