Ижтимоий тармоқларда Қамчиқ довонида «балиқ ёмғири» кузатилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. ИИВ ЙҲХББ мазкур ҳолатга муносабат билдириб, балиқлар ЙТҲ оқибатида сочилиб кетганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, 26 ноябрь куни соат 16:30 ларда Поп тумани ҳудудидан ўтган А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 227-километрида ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. 45 ёшли Ф.А. бошқарувидаги «Замяд» русумли автомобилнинг шинаси ҳаво чиқариб юбориши оқибатида транспортга ортилган елим идишлар ағдарилган ва унинг ичида бўлган балиқ маҳсулотлари автомобиль йўлига сочилиб кетган.
Мазкур транспорт ҳодисасида ҳеч ким жабрланмаган. «Қамчиқавтойўл» матбуот хизматининг маълум қилишича, йўлга сочилиб кетган балиқ чавоқларининг асосий қисми нобуд бўлмасдан йиғиштириб олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан қўшимча суриштирув олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)