Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг янги директори ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиб юборгани айтилган видеомурожаатга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» аксионерлик жамияти ходимларини янги тайинланган раҳбар Ғанишер Маматқулов оммавий тарзда, ҳеч бир огоҳлантиришларсиз, ишдан бўшатиб юборилаётгани баён қилинган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган.
Ўрганиш давомида «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан Меҳнат кодексининг 100, 102, 108-моддалари (меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш, меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериш) талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, мақолада кўрсатилган фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида киритган даъво аризалари Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан кўриб чиқилаётгани маълум бўлган.
Таъкидланишича, ўрганиш якунлари бўйича қўшимча ахборот тақдим қилинади.
Аввалроқ Навоийда коронавирусга қарши эмланмаган 20 нафар ўқитувчини ишдан бўшатмоқчи бўлган директор жавобгарликка тортилгани, Қашқадарёда ободонлаштириш хизматини кўрсатувчи ташкилотнинг 171 нафар ходимига иш ҳақи тўланмай келгани аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)