Покистон Вазирлар Маҳкамаси Ҳиндистоннинг қўшни Афғонистонга озиқ-овқат ёрдамини етказиб беришда Покистон ҳудудидан ўтган қуруқлик йўлидан фойдаланишига рухсат берди.
Покистон бош вазири Хоннинг идорасида маълум қилинишича, Исломобод Кобулга 28,65 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами, жумладан, Ҳиндистон жўнатган 50 минг тонна буғдойни ўз ичига олган озиқ-овқат маҳсулотлари, асосий эҳтиёжлар учун зарур ва тиббий буюмлар, қишки бошпана ва бошқа материалларни юборади.
«Биз Ҳиндистон Афғонистонга жўнатмоқчи бўлган ушбу 50 минг тонна буғдойни ўтказиб юборишни маъқулладик. Биз ҳар қандай инсонпарварлик ёрдами Афғонистон халқига етказилиши керак, деб ҳисоблаймиз», — деди Покистон ахборот вазири Фавад Чаудри Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида.
Шунингдек, баёнотда айтилишича, Покистон Ҳиндистонга даволаниш учун юборилган афғонистонлик беморларнинг ортга қайтишига ёрдам беради.
Маълумот учун, Покистон кўп йиллар давомида Ҳиндистоннинг Афғонистон билан тижорий ёки бошқа транспорт алоқаларини рад этиб келади. 1947 йилда Покистон Ҳиндистондан ажралиб чиққанидан бери қўшнилар ўртасида учта уруш бўлиб ўтган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)