Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Хабарга кўра, суҳбат давомида Ўзбекистон—Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Амалий ҳамкорликни илгари суриш, энг аввало, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, бошқа устувор йўналишларда узоқ муддатли кооперация лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш муҳим экани қайд этилди. Икки мамлакат ҳукуматлари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва аниқ дастурлари ишлаб чиқилиши юзасидан келишувга эришилди.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини ҳам кўриб чиққан. Қозоғистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга 2021 йил якунигача бориши кутилмоқда.
«Кўп қиррали Қозоғистон—Ўзбекистон муносабатларига амалий туртки бериш мақсадида президентлар жорий йил охиригача Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг Истанбулда ўтказиладиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун 11–12 ноябрь кунлари Туркияда бўлди. Шавкат Мирзиёев Россияга бориши кутилмоқда. Президент декабрь ойида Жанубий Кореяга, 2022 йилда Венгрияга бориши режалаштирилган.
Изоҳ (0)