Кўпчиликнинг севимли меваси ҳисобланган нок мазали эканидан ташқари, фойдали экани билан ҳам ўзига хос саналади. Навлари турли фасллардан пишиб етилгани сабаб нок мавсуми узоқ давом этади.
Нок ҳазм жараёнини яхшилайдиган клетчатканинг кони саналади. Ичаклар фаолиятини яхшилайди, шлак ва токсинларнинг организмдан чиқарилишига ҳисса қўшади. Шу сабаб ҳам нокни оч қоринга истеъмол қилиб бўлмайди. Бу ошқозон ва ичакларда дискомфорт пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Антиоксидантларнинг манбайи ҳисобланган мевада C витамини ҳам бисёр. Ушбу витамин организм ҳужайраларини зарарли радикаллардан ҳимоя қилади, яллиғланиш жараёнлари ривожланишининг олдини олади. Иммунитетни мустаҳкамлайди. C витаминининг 80 фоизи нокнинг пўстида мужассам бўлгани сабаб ҳам уни арчмасдан ейиш тавсия қилинади. Аскорбин кислотасидан ташқари, нокда антиоксидант бирикмалар — полифеноллар ва флавоноидлар сероб бўлади.
Калийга бой ҳисобланган ушбу мева, айниқса, таркибида тузи кўп, қайта ишланган маҳсулотларни истеъмол қиладиганлар учун айни муддао ҳисобланади. Калий организмдан ортиқча натрийни чиқариб юбориб, суюқликнинг ушланиб туриши ва шишлар пайдо бўлишининг олдини олади. Калий ва натрийнинг балансда бўлиши қон босимининг меъёрда бўлишини таъминлайди.
Кам калорияли ҳисобланган нок парҳез учун яхши вариант. Гликемик кўрсаткичи юқори эмаслиги сабабли истеъмолидан кейин қондаги қанд миқдори кўтарилмайди, шунинг ҳисобига иштаҳа ёмонлашмайди. Клетчаткалар ҳазм тизимини яхшилаб, узоқ вақт тўқ тутади, ортиқча овқатланишнинг олдини олади.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)