Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи 90 ёшли меҳнат фахрийсига туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.
Давлат хизматлари агентлиги вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Фарруҳбек Жалоловнинг маълум қилишича, Шаҳрихон тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан 1931 йил 1 июль куни Бўстон туманида туғилган Ширмонхон Турсунованинг шу пайтга қадар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги аниқланиб, 2021 йилнинг 25 октябрь куни расмийлаштирилиб берилган.
«Онам асли Бўстон туманида туғилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин шу ерга келин бўлиб тушган. 1990 йиллар атрофида пенсияга чиққан. Мустақилликнинг дастлабки йилларида жамоа хўжалиги раҳбарлари хўжалик аъзоларининг ҳужжатларини янгисига алмаштириб беришларини айтиб, олиб кетишган. Лекин онамнинг фуқаролик паспортини қайтиб беришмаган. Натижада ҳужжатлар йўқолиб, қайта тиклатиш имконияти бўлмаган.
Ҳокимлик ва тегишли идораларга бир неча маротаба мурожаат қилган бўлсак-да, натижа бўлмади. Аксинча, онамнинг туғилганлиги ҳеч қаерда қайд этилмагани аниқланди. ФҲДЁ бўлими ходимлари ёрдами билан онамнинг туғилганлиги орадан шунча йил ўтиб расмийлаштирилди. Мана энди ҳеч қандай тўсиқларсиз фуқаролик паспортини олиш имконияти ҳам вужудга келди», — дейди онахоннинг ўғли Қаҳрамонжон Дадажонов.
Бундан аввал Ургутда 98 ёшли уруш қатнашчисига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилгани, Андижонда туғилган хитойлик инвесторнинг Темурбек исмли ўғлига туғилганлик ҳақида гувоҳнома топширилгани ҳамда Наманганда 21 яшар аёл ва унинг икки ўғлига туғилганлик ҳақида гувоҳномалар топширилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)