Қирғизистон авиакомпанияси самолёти Тошкент халқаро аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда AviaSpotter Telegram канали маълум қилди.
«9 ноябрь куни Қирғизистоннинг Sky КG авиакомпаниясининг Diamond DА42 МNG самолёти экипажи тизимлар ва ёритиш мосламаларини текширувидан ўтказиш учун қилган парвози чоғида ўнг двигателнинг музлагани ҳақида хабар бериб, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан фавқулодда қўнишга рухсат сўраган», — дейилади хабарда.
Шундан сўнг қўниш йўлагига ўт ўчириш бригадаси чақирилган ва самолёт аэропортга муваффақиятли қўндирилган. Ўт ўчирувчилар самолётнинг шассисида аниқланган ёнғинни зудлик билан ўчирилган.
Тошкент халқаро аэропортининг парвозлар бўйича диспетчерлик гуруҳи ҳамда Қидирув-қутқарув хизмати ходимларининг мувофиқлаштирилган ва профессионал ҳаракатлари натижасида ҳодиса тезда бартараф этилган, воқеа оқибатида жабрланганлар йўқ.
Бундан аввал Қозоғистонда шоли далаларига ишлов бераётган самолёт ҳалокатга учрагани, Россиянинг Камчатка ўлкасида бортида 28 киши бўлган самолёт денгизга қулаб тушгани ҳамда Исломободдан Лондонга учаётган самолёт йўловчи аёлнинг ўлими туфайли Тошкентга фавқулодда қўнгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)