Uzbekistan Airports ижтимоий тармоқларда Урганч халқаро аэропортида одамларнинг тирбандлиги юзага келгани тўғрисида тарқалган хабарлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 4 ноябрь куни соат кечаси тахминан 02:00 дан бошлаб «Урганч» халқаро аэропортига Урганч—Москва йўналиши бўйича I-Fly Airlines авиакомпаниясининг парвозини амалга ошириш нияти билан йўловчилар келишни бошлашган. Бироқ бу парвоз жадвалда мавжуд бўлмаган. Йўловчиларнинг фикрига кўра, уларнинг барчаси Avia Market орқали авиачипталарини сотиб олган. Жами 290 та чипта чартер рейсига сотилган.
«Урганч» аэропорти ходимлари барча йўловчиларни жўнаб кетиш залига жойлаштириб, қўшимча стул ва скамейкалар ўрнатган, шунингдек, чипталарни сотган компания билан боғланиб, йўловчиларга барча керакли маълумотларни беришни ва келиб чиққан вазиятни ҳал қилишни талаб қилган. Маълум бўлишича, Avia Market компанияси Ўзбекистон Транспорт вазирлиги билан парвозни келишмаган ва керакли ҳужжатларни тайёрламаган.
Айни пайтда вазият тартибга солинган ва Москвадан А-330 самолёти Урганчга учиб кетган. Аэропортда рўйхатдан ўтиш эълон қилинган. Компаниянинг таъкидлашича, Uzbekistan Airports АЖнинг фаолияти авиачипталарни сотиш билан боғлиқ эмас.
Аввалроқ Тошкент–Истанбул йўналиши бўйича Uzbekistan Airways рейсида учиш ниятида 200 га яқин киши аэропортга келганиб, бироқ бу рейс жадвалда бўлмагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)