«Барселона» бош мураббийи Рональд Куман ўз лавозимини тарк этди.
Каталония клуби расмий сайтида 58 ёшли мутахассиснинг истеъфога чиқарилгани маълум қилинди.
«Кўк-анорранглилар» 27 октябрь куни Ла Лига доирасида «Раё Валекано»га сафарда мағлуб бўлди ва ушбу мағлубиятдан сўнг клуб президенти Хоан Лапорта Роналднинг жамоадаги фаолияти якунлаганини эълон қилди.
Жамоа ўтган турда ўз майдонида «Реал»га мағлуб бўлганди. 10 та ўйиндан кейин «Барселона» 15 очко жамғарган ҳолда Ла Лига жадвалида 9-ўринни эгаллаб турибди. Чемпионлар Лигасида эса 3-турдан кейин 3 очко билан гуруҳда 3-ўринда бормоқда.
Куман 2020 йилда «Барселона» бош мураббийи этиб тайинланганди. У бунинг учун Нидерландия терма жамоаси бош мураббийлигидан кетганди. Жамоа унинг қўл остида 2020/2021 йилги мавсумда Испания Кубогини қўлга киритди, Чемпионлар Лигасида 1/8 финал босқичида ўз иштирокини якунлади. Ла Лигада эса учинчи ўрин билан кифояланди.
El Chiringuito ТВ хабарига кўра, Куманнинг ўрнини катта эҳтимол билан «Барселона» собиқ футболчиси Хави эгаллайди. Хави ҳозирда Қатарнинг «Ас-Садд» клубига устозлик қилмоқда.
Изоҳ (0)