Ўзбекистон бўйича етказиб берилган иссиқлик энергияси учун аҳолининг дебитор қарздорлиги 2,1 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда 28 октябрь куни уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов маълум қилди.
«Республика бўйича етказиб берилган иссиқлик энергияси учун аҳолининг дебитор қарздорлиги 2 триллион 100 миллион сўмга тенг.
Иссиқлик таъминоти корхоналарининг газ, электр ва совуқ сувдан қарзи икки ярим триллион сўмни ташкил этмоқда. 20 та иссиқлик таъминоти корхонаси жойларга чиқиб, аҳолига тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Иложи бўлмаган ҳолларда ёзма огоҳлантиришлар тақдим этмоқда, суд органларига мурожаат қилиб, мажбурий тартибда ундириш чоралари кўрилмоқда», — деган у АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, аҳолининг тўлов интизомига амал қиладиган қисми 50—60 фоиздан иборат. Қолган 35—40 фоиз аҳолига шу каби чоралар кўрилмаса, тўловни ундириш имконияти чегараланган.
Матбуот анжуманида, шунингдек, Ўзбекистонда иссиқлик тармоқларининг 60 фоизи таъмирталаб аҳволда экани маълум қилинди.
Республика бўйича Бухоро (68 фоиз), Навоий (85 фоиз), Тошкент (66 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (100 фоиз) марказлашган иссиқлик таъминоти тизими мавжуд. Мамлакатда фаолият юритаётган 20 та иссиқлик таъминоти корхоналари балансидаги 500 та қозонхона иш фаолиятида бўлиб, ушбу қозонхоналардаги қозонлар маънан эскирган. Мавжуд 4500 километр иссиқлик тармоқларидан 2500 километр қисми (60 фоиз) таъмирталаб аҳволда, тармоқ йўқотишлари эса 40 фоизни ташкил этмоқда.
Изоҳ (0)