Шавкат Мирзиёев Бухорода ўтаётган «Заковат» интеллектуал ўйинининг финал босқичига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди. Финал ўйинидан сўнг Президент клуб қатнашчилари билан суҳбатлашди.
Давлат раҳбари маълум қилишича, «Заковат» ўйинлари ёшлар ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантирилади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳаракатни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича таклиф берди.
«Мен суриштирдим, шу пайтгача сизларнинг ўз биноларингиз ҳам йўқ экан. Шунинг учун Тошкентда ‘заковатчилар’ учун алоҳида бино барпо этсак, нима дейсизлар?» — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, янги йилдан бошлаб талаба ёшлар ўртасида биринчи марта Президент соврини учун Интеллектуал олимпиада ташкил этилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, шу ернинг ўзида Президент фармони ўқиб эшиттирилиб, клуб асосчиси Абдурасул Абдуллаевга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» унвони берилди.
Изоҳ (0)